Россияда 23 йил қамоқда ўтирган ўзбекистонлик Ватанга қайтиши билан яна узоқ муддатга “кесилди”

Жамият

image
0:00
0:00
download

Россиянинг Кемерово суди ҳукми билан 23 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Ўзбекистон фуқароси жазони тўлиқ ўтаб, Ватанига қайтиши билан қўлга олинди. Бу ҳақда “Замон” дастурида хабар қилинди.

Қайд этилишича, Россиядан қайтган эркак Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Бунга сабаб 51 ёшли эркак бундан 24 йил аввал Каттақўрғон туманида яшовчи фуқаронинг уйида босқинчилик қилган.

Унинг икки босқинчи шериги 20 йилга қамалган. Бу эркак эса жазодан қутулиб қоламан деб хорижга қочиб қолган.

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг очиқ суд мажлисида 24 йил аввалги жиноят иши кўрилди.

Ўзганинг мулкига зўравонлик билан эга чиқишни кўзлаган йигитлардан бири 1996 йили қайнотасига атаб хат ёздиради. Судланаётган шахс эса хатни ташлаб келади. Хатда “ВАЗ 2106” русумли машинаси ва пулларни бермаса, уйни ёқиб юбориши ва Самарқанд давлат университетининг Ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олаётган қизини ўғирлаб кетиш билан қўрқитилган жумлалар бўлган.

Йигитлар буюртмачи шеригининг қайнотасига куч ишлатиб, моддий бойликларини қўлга киритади.

“Уйга борганимизда соат 1-2 лар эди. Уч киши бўлиб бордик. Куёвнинг ўзи бормади.

Ўша вақт 26 ёш эдим. Шеригим бир одамдан қарзимни оламиз деб мени бошлаб борди. Уйга борганда тўполон бўлди. Мен кейин уйдан чиқиб кетдим. Бошқа ҳеч нима қилмагандим. Кейин Россияга кетвордим”, дейди айбланувчи.

Ҳозир жабрланувчи – қайнота ва унинг аёли ҳаёт эмас. Уларнинг ўрнига марҳумларнинг жияни судда иштирок этган.

Суд айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “в” (уюшган гуруҳ томонидан содир этилган товламачилик) банди билан 12 йил, кодекснинг 267-моддаси 3-қисми “б” банди билан 12 йил, кодекснинг 164-моддаси 4-қисми "в" банди (уюшган гуруҳ томонидан содир этилган босқинчилик) билан 15 йил, кодекснинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш билан узил-кесил 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

жиноят

Баҳолаганлар

1801

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг