Россия ҳужумлари ортидан НАТО Украинага ёрдамини оширмоқда
Олам
−
29 Август
6473НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Украина иттифоқчилари Россиянинг мамлакат ҳудудига янги йирик ҳужумлари муносабати билан ҳарбий ёрдамни кенгайтириш ниятида эканини эълон қилди. Бу ҳақда Столтенберг кеча, 28 август куни бўлиб ўтган НАТО-Украина кенгаши йиғилишидан сўнг маълум қилди.
Бош котибнинг сўзларига кўра, бу қадам Украина мудофааси учун зарурий шартдир.
“Бугун иттифоқчилар Украинага ҳарбий ёрдамни ошираётганликларини тасдиқлади. Биз Киевга ҳарбий юкларни кўпайтиришни мамлакат мудофаасини таъминлашнинг асосий шарти деб ҳисоблаймиз”, дея таъкидлади Столтенберг.
Столтенбергнинг сўзларига кўра, НАТО-Украина кенгаши йиғилишида жанг майдонидаги воқеалар ва Украинанинг устувор эҳтиёжлари муҳокама қилинган. Альянс аъзолари Россиянинг Украина тинч аҳолиси ва инфратузилмаларига қарши ҳаво ҳужумлари кучайганини кескин қоралади .
Маълум бўлишича, элчилар даражасидаги Кенгаш йиғилиши Киевнинг илтимосига биноан чақирилган. НАТО матбуот хизмати хабарига кўра, Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров кенгаши йиғилишида видео алоқа орқали қатнашган ва иттифоқчиларни хавфсизлик ҳолати ва ўз мамлакатининг устувор эҳтиёжлари ҳақида хабардор қилган.
“Томонлар, жумладан, улар учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ракеталарни етказиб бериш масаласини муҳокама қилишди”, деб ёзди Умаров Facebook'даги саҳифасида.
Бундан ташқари, Киев ҳамкорлари билан Украинанинг ғарбий ҳудудлари устидан ҳаво ҳужумидан мудофаа қалқони яратиш бўйича маслаҳатлашувларни давом эттирмоқда.
“Альянс Украина ҳарбий хизматчиларининг НАТО ўқув базаларида ўқитилишини назорат қилади, Киевга қурол-яроғ етказиб беришни режалаштиради ва мувофиқлаштиради, шунингдек, жиҳозларни етказиб бериш ва таъмирлашни бошқаради” , дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ НАТО Ҳарбий қўмитаси жорий йилнинг 13-15 сентябрь кунлари Прагада Украина масаласи бўйича бош штаб бошлиқлари йиғилишини ўтказиши хабар қилинганди.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси