Россия ҳиндларни Украинага қарши урушга юборгани маълум бўлди
Олам
−
06 Март
16442Россия армияси таркибида 20 га яқин Ҳиндистон фуқаролари борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда “Financial Times” нашри хабар берди.
Ёлланма аскарларнинг оила аъзоларига кўра, ҳиндлар алдов йўли билан урушга жалб қилинган. Ҳиндистон ҳукумати фуқароларини қайтариб олиш билан шуғулланмоқда.
“Биз улардан баъзиларини ортга қайтардик ва қолганларини ҳам қайтариш устида ишлаяпмиз”, дейди Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Financial Times нашрига.
Вазирлик ўз фуқароларини Россия армиясидан муддатидан олдин чақириб олиш мақсадида барча ишларни “фаол давом эттираётганини” айтган. Урушга жўнатилган ҳиндлар фронтдан узоқда ишлаш ва Европа Иттифоқи билан чегарада яшаш ваъдалари билан жалб қилинган.
Ҳайдарободлик Муҳаммад Имроннинг айтишича, унинг 30 ёшли укаси Муҳаммад Асфан Россия армияси таркибида Москвада ишлаш ва қисқа вақт ичида Россияда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлиш мумкинлиги ҳақидаги YouTube’да жойланган видеони кўриб, ишонган.
У йўқолган укасини қидириш учун шу ҳафта Россияга бормоқчилигини айтади. Унинг сўзларига кўра, укаси ноябрь ойида Москвага борган, унга рус тилидаги шартномага имзо қўйдиришган, декабрда эса Украинадаги фронтга олиб кетилган.
Бундан ташқари, Ҳиндистон шимолидаги Панжоб ва Харяна штатларидан Янги йил муносабати билан Россияга саёҳат қилган бир гуруҳ эркаклар қариндошларига видеолавҳа юбориб, расмийлардан зудлик билан ёрдам сўрашган. Видеода улардан бири саёҳатга таклиф қилган одам томонидан алданганини ва улар Беларусга келганини, у ерда визасиз кириб келгани учун “Россия армиясига топширилганини” даъво қилади.
Шунингдек, алданган “аскарлар” учун ойига 2000 АҚШ доллари ваъда қилингани ҳам маълум бўлган.
Россияга борган меҳнат муҳожирининг Россия армияси билан шартнома имзолашга мажбур қилинаётгани ҳақида аввал ҳам бир неча бор хабарлар тарқалган эди.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси