Россия Запорожье АЭС бўйича БМТдан шошилинч йиғилиш талаб қилди
Олам
−
22 Август 2022
9021Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашидан эртага, 23 август куни фавқулодда йиғилиш ўтказишни сўради. Бу ҳақда бугун, 22 август куни Россия Федерациясининг Жаҳон ташкилотидаги доимий вакилининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
"Украинанинг Запорожье атом электр станциясига қарши давом этаётган провокациялари муносабати билан биз БМТ Хавфсизлик Кенгашининг кун тартибидаги "халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид" моддаси бўйича шошилинч йиғилиш ўтказишни сўрадик. Биз БМТ Бош котиби Антониу Гутерришдан нутқ сўзлашини сўрадик”, дейди Полянский.
Унинг қайд этишича, 24 август куни Украина бўйича Ғарб давлатлари талаб қилган яна бир учрашув бўлиб ўтади.
Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. 5 август куни украин матбуоти руслар ЗАЭСга тўрт марта ўқ узгани ҳақида хабар берди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.
Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.
LiveБарчаси