Россия яна бир маҳсулот экспортини тақиқламоқчи
Олам
−
27 Май 2022
34549Россия жорий йилнинг 1 июлидан 31 декабрига қадар мамлакатдан гуруч экспорт қилишни тақиқлаши мумкин. Тегишли қарор лойиҳаси Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тайёрланган ва regulation.gov.ru порталида эълон қилинган.
Ҳужжатга кўра, экспортни чеклаш Россия Федерациясининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, гуруч ёрмалари учун ички нархларни сақлашга қаратилган.
Россия Федерациясида ҳар йили 1 миллион тоннадан ортиқ шоли етиштирилади. (2021 йил – 1 миллион 076,4 минг тонна, 2020 йил – 1 миллион 141,8 минг тонна, 2019 йил – 1 миллион 098,7 минг тонна). 2021 йилда гуруч ёрмалари ишлаб чиқариш 503,8 минг тоннани ташкил этди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг прогнозларига кўра, 2022 йилда ялпи гуруч хомашёси 1,1 миллион тонна, шоли ёрмаси етиштириш 550 минг тоннани ташкил этиши керак эди. Бироқ, апрель ойида мамлакатнинг асосий гуруч ишлаб чиқарувчиси бўлган Краснодар ўлкасидаги Федоровский сув иншоотида тўғон ювилиб кетди. Айни пайтда майдонда реставрация ишлари олиб борилмоқда.
Россия Федерацияси ҳар йили 100 минг тоннага яқин гуруч ёрмаларини, шу жумладан 20 минг тоннани ЕОИИ мамлакатларига экспорт қилади.
“Гуруч ишлаб чиқаришнинг қисқариши истеъмол бозорида ички нархларнинг ўсиши хавфини келтириб чиқаради. 2022 йил 18 май ҳолатига кўра, гуруч ёрмасининг ички нархи бир килограмм учун 60,7 рублни ташкил этган эди, бироқ бир ҳафта ичида 3,4 фоизга ўсди”, дея қайд этилган ҳужжатда.
Тақиқ кучга кирса, ЕОИИ мамлакатларига етказиб бериш, гуманитар ёрдам ва халқаро ҳукуматлараро келишувлар бўйича экспорт қилинадиган гуручга, шунингдек, Россия Федерацияси ҳудудидан ташқарида бошланган ва тугайдиган халқаро транзит ташишларга тааллуқли эмаслиги тахмин қилинмоқда.
Аввалроқ, Ҳиндистон Ҳукумати ички таъминотда узилишларга ва нархлар ошишига йўл қўймаслик учун гуруч экспортини чеклаши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерацияси буғдой, жавдар, арпа ва маккажўхори экспортига вақтинчалик тақиқ ўрнатган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь