Россия яқин шарқликларни урушга ёлламоқда. Уларга қанча таклиф қилинди?

Олам

image

Украинадаги урушда Россия тарафда жанг қилиши учун Ливандаги фаластинликлар ва Суриянинг элита қўшинлари ёлланмоқда. Бу ҳақда Ливан хавфсизлик манбасига таяниб, “The Media Line” хабар берди.

Қайд этилишича, Ливанда яшовчи фаластинликлар Россия томонидан Украинада давом этаётган урушда қатнашиш учун имзо чеккан. Бунинг эвазига уларга 350 доллар маош таклиф қилинган. Урушга ёллаш ишлари Фаластиннинг Ливандаги элчихонасига алоқадор фаоллар томонидан амалга оширилаётгани айтилган. Бироқ элчихона Украинадаги можарога ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини ва фаластинликларни унда иштирок этишга ундамаётганини айтган.

Манбага кўра, бу шахслар Россия кучлари номидан Украинадаги можарода иштирок этишга рози бўлиши эвазига оилалари учун ойлик нафақа ва товон пули олишни мақсад қилган. 

“Менда бу борада аниқ маълумот йўқ, лекин лагердаги аҳвол ачинарли ва ёшлар учун иш йўқлиги сабабли бунинг эҳтимоли юқори. Улар пул учун руслар билан ишлашга жалб қилинган бўлса, ажаб эмас, чунки лагер муҳити бундай имкониятлар учун очиқ”, дейди хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича таниқли тадқиқотчи Риад Каҳважи.

Россия томонидан Украинадаги урушга қатнашиш учун қанча фаластинлик ёллангани аниқ эмас, аммо тахминан 300 киши Россияда тезкор тайёргарликдан ўтиб, фронтга жўнатилгани тахмин қилинмоқда. 100 га яқин қўшимча жангчилардан иборат яна бир гуруҳ эса яқин келажакда Россияга кетиш учун тайёрланаётгани хабар қилинган.

Шунингдек, Сурия қўшинлари ҳам Украинадаги урушга жалб қилинаётгани маълум бўлган. Лондон ва Истанбулда жойлашган Абад стратегик тадқиқотлар маркази директори Муҳаммад Сарминининг айтишича, уруш бошланганидан бери Сурия рус қўшинларига кўмаклашишнинг икки йўлини топган. Биринчи йўл “Вагнер” гуруҳи орқали бўлса, иккинчи йўл Сурия мунтазам кучларидан жангчиларни юборишни ўз ичига олган. Мазкур жангчилар уруш зонасига бориш учун 500-700 АҚШ доллари миқдорида пул олган. 

Бундан ташқари, Россия ҳам урушга суриялик жангчиларни жалб қилиш орқали икки мақсадни кўзлаган. Биринчидан, бу орқали Украинадаги жангчилар сони кўпаяди. Иккинчидан, уларни ёллаш Сурия Президенти Башар Асад режимига содиқлигини намойиш этишни англатади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия босқини

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг