Россия босқини давомида қанча украиналик тинч аҳоли ҳалок бўлгани очиқланди
Олам
−
19 Ноябрь
61632022 йил февралида Россия Украинага бостириб кирганидан бери камида 12 164 нафар тинч аҳоли, жумладан, 600 дан ортиқ бола ҳалок бўлган. Бу ҳақда кеча, 18 ноябрь куни БМТ Бош котиби ўринбосари Розмари ДиКарло маълум қилди.
ДиКарлога кўра, шарқий ва жанубий Украинада ҳалокатли жанглар тобора кенгаймоқда. Шаҳарлар, қишлоқлар ва туманлар буткул вайрон бўлган. Бахмут, Авдеевка, Вовчанск ва Угледар деярли харитадан ўчиб кетган. 2022 йил февралидан бери камида 12 164 тинч аҳоли, жумладан, 600 дан ортиқ бола ҳалок бўлган. Камида 26 871 киши жароҳат олган. Бу фақат тасдиқланган маълумотлар бўлиб, ҳақиқий қурбонлар сони бундан анча юқори бўлиши мумкин.
“Россия Федерацияси Украинага қарши тўлиқ кўламли босқинни бошлаганидан 1 000 кун ўтди – бу БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузишдир. 1 000 кун давомида миллионлаб украиналиклар учун ўлим, вайронагарчилик ва умидсизлик чексиз давом этмоқда. 1 000 кун ўтиб, бу уруш ҳамон тўхтамай давом этмоқда”, дейди Розмари ДиКарло.
Билдирилишича, сўнгги ойларда тинч аҳоли орасида қурбонлар сони сезиларли даражада ошган. Жорий йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида урушнинг энг катта ва кенг кўламли ракета ҳамда дрон ҳужумлари кузатилган. 16-17 ноябрь кунлари Россия ўзининг энг катта қўшма ҳужумларидан бирини бошлаган ва бу ҳужумда 120 та ракета ва 90 та дрон иштирок этган. Ҳужум Украинадаги барча ҳудудларда энергетика инфратузилмасига жиддий зарар етказган ва кўплаб қурбонларга сабаб бўлган.
“Шуни аниқ айтмоқчиман: барча томонлар тинч аҳоли хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлаши шарт, уларнинг жойлашган ҳудудидан қатъи назар”, дейди ДиКарло.
Қайд этилишича, ҳужумлар давомида камида 580 та тиббиёт муассасаси зарар кўрган ёки вайрон бўлган, кўплаб биринчи ёрдам кўрсатувчи ходимлар ва тиббиёт ходимлари қурбон бўлган ва жароҳат олган. Шунингдек, камида 1 358 та таълим муассасаси зарар кўрган ёки вайрон бўлган.
“Украина ҳозирда дунёдаги энг кўп миналашган ҳудудлардан бирига айланган – мамлакатнинг қарийб чорак қисми миналар билан тўла бўлиб, бу Швейцариядан тўрт баравар катта. Уруш оқибатида экологик таназзул, жумладан, муҳим инфратузилма вайрон бўлиши (масалан, Каховка тўғони), маҳаллий экотизимларга ва Украинадаги қишлоқ хўжалигига узоқ муддатли салбий таъсир кўрсатмоқда”, дейилади баёнотда.
Маълумотларга кўра, қарийб тўрт миллион киши мамлакат ичида кўчирилган, 6,8 миллиондан ортиқ киши эса мамлакатни тарк этган. Аёллар урушнинг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларидан нотенг зарар кўрмоқда. Бир бутун авлод болалари етарли таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда, чунки ҳужумлар оқибатида мактаблар онлайн шаклга ўтган ёки бошпаналарга кўчирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича БМТнинг аҳолишунослик фонди (UNFPA) директори Флоренс Бауэр Россия босқинидан бери Украина аҳолиси 10 миллион кишига камайганини маълум қилган эди.
LiveБарчаси