Россия ва Украина Туркияда музокара ўтказади
Олам
−
14 Апрель
2737Жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари Туркия пойтахти Анқара шаҳрида Россия ва Украина делегациялари вакилларининг Қора денгиздаги хавфсизлик масалалари бўйича учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туркия Миллий мудофаа вазирлигидаги манбаларга таяниб, CNN Turk хабар берди.
Нашр учрашувда айнан кимлар иштирок этиши ва у тўғридан тўғри бўладими ёки Уммондаги Эрон-АҚШ музокаралари каби билвоситами, бунга аниқлик киритмаган. Москва ва Киев ҳам ушбу учрашувга ўз вакилларининг ташрифи ҳақида расман хабар бермаган. Йил бошидан буён томонлар воситачилар орқали музокаралар олиб борди.
“Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш муносабати билан Қора денгиздаги хавфсизлик масалалари бўйича учрашув 15-16 апрель кунлари Туркия Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонлиги штабида бўлиб ўтади. Унда хорижий давлатларнинг ҳарбий вакиллари иштирок этади, Қора денгизда тинчликни сақлаш учун ҳарбий режалаштиришнинг ҳарбий-денгиз жиҳати муҳокама қилинади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23-25 март кунлари АҚШ вакиллари Саудия Арабистонида Россия ва Украина делегациялари билан алоҳида музокаралар ўтказди. АҚШ ва Россия делегацияларининг Ар-Риёддаги музокаралари чоғида Қора денгизда хавфсиз юк ташишни таъминлаш бўйича келишувга эришилган эди. Музокараларда Украина делегациясига Мудофаа вазири Рустам Умаров ва Президент девони раҳбари ўринбосари Павло Палиса бошчилик қилган. Россия Федерацияси томонидан Буюк Британиядаги собиқ элчи Григорий Карасин ва Россия ФХХ директори маслаҳатчиси Сергей Беседа иштирок этган. АҚШ делегацияси таркиби расман эълон қилинмаган.
LiveБарчаси