Россия ва Украина асирларни алмашди
Олам
−
05 Февраль
2024Бугун, 5 февраль куни Россия-Украина ўртасида кечган музокаралар натижасида 150 нафар россиялик ҳарбий Украина назорати остидаги ҳудуддан қайтарилди. Қолаверса, Украина Қуролли Кучларининг 150 нафар ҳарбий асирлари топширилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Россия томонидан қабул қилинган аскарлар ҳозирда Беларусь Республикасида қолмоқда.
“Ҳозирда барча россиялик ҳарбий хизматчилар Беларусь Республикаси ҳудудида бўлиб, у ерда уларга зарур психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, шунингдек, қариндошлари билан боғланиш имконияти мавжуд”, дейилади расмий хабарда.
Қолаверса, Россияга қайтаётган аскарлар тиббиёт муассасаларида даволаниши ва реабилитация қилиниши ҳам маълум қилинган.
“Барча озод этилган ҳарбий хизматчилар Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг тиббиёт муассасаларида даволаниш ва реабилитация қилиш учун Россияга олиб кетилади”, дейилади хабарда.
Украина томонига топширилганлар орасида эса Қуролли кучларнинг турли бўлинмалари, жумладан Мариуполь ва Запорожье вилоятида асирга олинган ҳарбий хизматчилар ҳам бўлган.
Шунингдек, иккала мамлакат ҳам алмашинувга ёрдам берган ҳамкорларга, жумладан Бирлашган Араб Амирликларига миннатдорчилик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Украина ўртасида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадлари алмаштирилганди. Ҳалок бўлган 49 аскарнинг жасади Россияга қайтарилган. 757 нафар жасад эса Украина томонига қайтарилган. Қолаверса, жорий йилнинг январь ойи ўрталарида Россия ва Украина “25 га 25” форматида асирлар алмашганди. Ушбу алмашинувда ҳам БАА воситачи сифатида иштирок этганди.
LiveБарчаси