Россия ва Туркиядан келтирилган қалбаки пулларни сотаётганлар ушланди
3-саҳифа
−
23 Декабрь 2023
5071Россия ва Туркиядан келтирилган қалбаки АҚШ долларларини сотаётган шахслар аниқланди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилоятида яшовчи шахс 50 АҚШ доллари купюраларидан иборат бўлган қалбаки 19 250 АҚШ долларини ҳақиқий 10 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида у Россия Федерациясидан олиб келинган ушбу қалбаки купюраларни Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқародан келгусида ўтказиш мақсадида сотиб олгани аниқланиб, у ҳам қўлга олинган.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи, 2 нафар шахс қалбаки 500 минг АҚШ долларини харидор билан ҳақиқий 325 минг АҚШ долларига айирбошлашга келишиб олгани аниқланган. У дастлаб унга намуна сифатида Қирғиз Республикасидан олиб келинган 100 АҚШ доллари купюраларидан иборат қалбаки 7600 АҚШ долларини ҳақиқий 5 минг АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинган.
Тошкент шаҳрида эса “Эркин” ЙПХ масканида Lacetti автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Бухоро шаҳрида яшовчи шахснинг ёнида 100 АҚШ доллари купюраларидан иборат қалбаки 8900 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Маълум бўлишича, у шахс муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган.
Мазкур фуқаро Туркияда тайёрланиб, Қирғиз Республикаси орқали Ўзбекистонга олиб келинган ушбу қалбаки хорижий валюталарни келгусида сотиб, даромад топиш мақсадида Тошкент шаҳрига келаётган бўлган.