Россия ўзини масъулиятли ва буюк давлатдек тутмоқда – Алиев

Олам

image

Россия Тоғли Қорабоғдаги вазият билан боғлиқ масалада ўзини жуда масъулиятли ва буюк давлат каби тутмоқда. Бу фикрни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Туркиянинг “TRT Haber” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.  

"Россия бизнинг қўшнимиз. Россия билан алоқаларимиз жуда муваффақиятли ривожланмоқда. Бугунги кунда Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар жуда юқори даражада. Иккала давлат ҳам уларни стратегик шериклик деб билади. Бу масалада Россия ўзини жуда масъулиятли ва буюк давлат каби тутади".  деди давлат раҳбари. 

Алиевнинг таъкидлашича, "Россия томонидан жуда ижобий хабарлар келмоқда", "ва томонлардан бирортасининг кўмаги муҳокама мавзуси эмас".

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. Кеча, 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар. Аммо Озарбайжоннинг энди ушбу гуруҳнинг тартиб-таомилларига риоя қилмаслиги Эрдўғаннинг сўзидан аён бўлди.

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев Қорабоғ тўқнашуви Озарбайжон Арманистон

Баҳолаганлар

264

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг