Россия Ўзбекистон корхоналарига қўйган импорт чекловини бекор қилди
Жамият
−
14 Апрель 2021
8786Россиянинг Ветеринар ва фитосанитар назорат федерал хизмати (Россельхознадзор) бугун, 14 апрелдан Ўзбекистоннинг қатор тадбиркорлик субъектларига нисбатан помидор ва қалампир етказиб беришга қўйилган чекловни бекор қилди. Бу ҳақда Россельхознадзор сайтида хабар қилинган.
Маълум қилинишича, Фарғона, Навоий ва Қашқадарёдаги 17 та корхона Россияга ўз маҳсулотини етказиб беришни бошлаши мумкин.
Россельхознадзор ушбу қарор Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясидан олинган ушбу корхоналар тўғрисидаги маълумотлар асосида, шунингдек “республиканинг ваколатли идораси кафолати остида” қабул қилинганлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Россия ўтган йилнинг охирида Ўзбекистондан келтирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларида помидорнинг жигарранг буришиш вируси (ToBRFV) аниқлангани сабабли помидор ва қалампир импортига чеклов жорий қилганди.
Бироқ Ўзбекистон томони мамлакатда помидорнинг жигарранг буришиш вируси (ToBRFV) аниқланмаганини маълум қилганди.