Россия Украинага “Орешник” билан зарба берди

Олам

image

Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги ҳарбий бошқарув объектлари, авиабазалар ва мудофаа-саноат корхоналарига жавоб зарбаси берилганини маълум қилди.

Баёнотга кўра, ҳужумда “Орешник”, “Искандер”, “Кинжал” ва “ Циркон” ракеталаридан фойдаланилган.

Вазирлик маълумотига кўра, 24 майга ўтар кечаси Россия армияси Украина томонидан Россия ҳудудидаги фуқаролик объектларига уюштирилган ҳужумларга жавобан кенг кўламли зарба берган.

Ҳужумларда “Орешник” баллистик ракеталари, “Искандер” аэробалистик ракеталари, “Кинжал” гипертовушли ракеталари, “Циркон” қанотли ракеталари, шунингдек ҳаво, денгиз ва қуруқликдан учириладиган қанотли ракеталар ҳамда зарбдор дронлардан фойдаланилгани айтилган. Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида “зарба мақсадларига эришилди, белгиланган барча объектлар йўқ қилинди”, дейилади.

24 майга ўтар кечаси Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларида портлашлар юз берган. Мамлакат бўйлаб ракета хавфи эълон қилинган.

Киев мэри Виталий Кличко Украина пойтахтининг деярли барча туманларида вайронагарчилик қайд этилганини билдирган. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати эса Киев вилоятининг бир қатор ҳудудларида ҳам портлашлар содир бўлганини маълум қилган.

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ўз баёнотида Украина томонидан ЛХРдаги Старобелск коллежининг ётоқхонасига берилган зарба “Россиянинг кескин жавобига” сабаб бўлганини ёзган.

Россия томонининг иддао қилишича, 22 майга ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари Луганск халқ республикасидаги Старобелск профессионал коллежига ҳужум уюштирган. Оқибатда 21 киши ҳалок бўлган, 40 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Россия Президенти Владимир Путин ушбу ҳодисани террорчилик ҳаракати деб атаган ва Мудофаа вазирлигига жавоб чораларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берганини билдирган.

Қайд этиш жоиз, бу уруш бошлангандан бери Россия армиясининг учинчи марта “Орешник”дан фойдаланиши ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Искандер Кинжал Орешник

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг