Европа Россиянинг “Орешник” ракетасини қўллаганини қоралади
Олам
−
25 Май 4724 2 дақиқа
Россиянинг “Орешник” ўрта масофали баллистик ракетасини қўллаши Европа давлатларининг кескин танқидига сабаб бўлди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг маълум қилишича, Россия яна бир бор ушбу ракетадан фойдаланган ва бу сафар зарба Киев вилоятига йўналтирилган. Кейинроқ Россия Мудофаа вазирлиги ҳам ракета учирилганини тасдиқлаб, бу Украина томонидан фуқаролик объектларига берилган ҳужумларга жавоб эканини билдирган. Киев эса, бу айбловларни рад этган.
Германия канцлери Фридрих Мерц ҳужумни “ўйламай қилинган хавфли кескинлашув” деб атади ва Украинага ёрдам давом этишини билдирган.
Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам Россиянинг сўнгги ҳужумларини қоралаган. Унинг айтишича, ядровий қурол ташиш имкониятига эга “Орешник” ракетасидан фойдаланиш Россиянинг урушдаги мураккаб ҳолати ва можаронинг хавфли босқичга ўтаётганини кўрсатади.
Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Россиянинг оммавий ҳужумларини Кремлнинг шафқатсизлиги ва тинчлик музокараларига бефарқлигининг исботи деб атаган. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича вакили Кая Каллас эса, ҳужумларни Украина фуқароларига қарши “даҳшатли террор ҳаракатлари” деб баҳолаган. Унинг таъкидлашича, “Орешник” ракета тизимидан фойдаланиш хавфли ядровий босим сифатида қабул қилинмоқда.
Маълумот учун, Россия қўшинлари аввал 2024 йил ноябрида Днепр шаҳридаги ҳарбий-саноат мажмуасига шу ракета билан зарба берганини маълум қилган эди. Россия Президенти Владимир Путин мамлакатда бундай ракеталар захираси мавжудлиги ва уларнинг серияли ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилганини айтган.
2026 йил январь ойида эса Россия “Орешник” билан Украина ғарбидаги Львов вилоятига ҳужум қилган. Россия Мудофаа вазирлигига кўра, зарба ортидан Львов авиация-таъмирлаш заводи ишдан чиққан. Москва маълумотига кўра, ракета 3 мингдан 5,5 минг километргача масофадаги нишонларни ура олади. Бу эса, Европанинг катта қисмини унинг таъсир доирасига киритади.
Беларусь ҳам ушбу ракета тизимига эга экани тахмин қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Орешник” қўлланган ҳужум Россиянинг 24 майга ўтар кечаси амалга оширган йирик зарба операцияси доирасида бўлган. Украина Ҳаво кучлари маълумотига кўра, Россия 90 та ракета ва қанотли ракеталар, шунингдек, тахминан 600 та дрон ишлатган.
Live
Барчаси