Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини янги қуроллар билан кучайтирди
Олам
−
10 Август 2021
7107Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий объекти Тожикистондаги 201-базаси янги намунадаги ўточар қуроллар, модернизация қилинган олов пуркагич ва “Верба” кўчма зенит-ракета мажмуаси билан таъминланди.
Уларнинг бари Ўзбекистон, Россия ва Тожикистон ҳарбийларининг Афғонистондаги беқарорлик фонида ўтказилган қўшма машғулотида фойдаланилган. Бу ҳақда Россиянинг Марказий ҳарбий округи матбуот хизмти маълум қилди.
“201-ҳарбий базага энг янги Калашников АК-12 автоматлари, Макаров тўппончалари ўрнини босувчи Яригин пистолетлари, замонавий йирик калибрли АСВК-М снайпер винтовкаси, ва “Верба” кўчма зенит-ракета мажмуаси келди. Барча қуроллар рус бўлинмалари томонидан Тожикистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликда ўтказилган машғулотларда ишлатилди”, дейилади хабарда.
Аввалроқ Тожикистоннинг “Ҳарб майдон” полигонида ўтказилган машғулотлар якунлангани ҳақида хабар берган эдик.
Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси