Россия Сурияга пул билан тўлдирилган самолёт юборди

Олам

image

Суриянинг Дамашқ аэропортига Россиядан юзлаб миллиард Сурия фунти етиб келди. Ушбу маблағлар ағдарилган президент Башар Асад даврида Россияда босилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати ўнлаб миллион АҚШ долларига тенг. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб “Reuters” хабар берди.

Нашр манбасига кўра, Россия ушбу пулларни Сурияга етказишга улгурмаган, чунки Асад 2024 йил декабрь ойи бошида исёнчилар томонидан ҳокимиятдан ағдарилган эди. Янги Сурия ҳукумати Асаднинг Москвага қочиб кетишидан сўнг Россиядан пул босиб чиқаришни тўхтатишни талаб қилган. “Reuters” манбаси Россиянинг ушбу пул маблағларини Сурияга олиб келишига нима сабаб бўлгани ҳақида аниқ маълумот бермаган. Ҳокимият ўзгариши ортидан мамлакат ликвидлик (активнинг тез ва осон нақд пулга айлантирилиш қобилияти) танқислигига дуч келди. Январь ойида Сурия Марказий банкининг янги раҳбари Майса Сабрин инфляциянинг кескин ошиб кетишини тўхтатиш мақсадида сурия фунтларини босиб чиқаришни тўхтатишни истаётганини билдирган.

Нашр маълумотларига кўра, янги ҳукумат келиши ортидан қора бозорда Сурия фунтининг қадри ошди. Бу, асосан, хориждан қайтаётган сурияликлар оқими ва чет эл валютаси билан савдо қилиш бўйича қатъий чекловларнинг бекор қилиниши билан боғлиқ. Биржа маълумотларига кўра, кеча, 13 февраль куни қора бозорда 1 АҚШ доллари 9 850 сурия фунти қийматида бўлса, расмий курс бугун, 14 февраль куни савдолар ёпилганда 13 000 фунт атрофида бўлган.

Бу ҳолат Сурия фунтининг ликвидлиги борасида хавотирларни кучайтирди. Нашр манбасининг сўзларига кўра, Сурия Марказий банкининг нақд валюта захиралари атиги 200 миллион долларни ташкил қилади. Таққослаш учун, 2010 йилда – фуқаролар уруши бошланишидан бир йил олдин халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, Сурия 18,5 миллиард долларлик захирага эга бўлган.

Россиянинг ушбу нақд пулларни юборишининг аниқ сабаблари очиқланмаган, бироқ бу Кремлнинг янги Сурия ҳукуматига молиявий ёрдам кўрсатиш орқали мамлакатдаги ҳарбий базаларини сақлаб қолиш ҳаракати бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Сурия Россияда пул босиб чиқаришдан аввал Австриянинг Oesterreichische Banknoten- und Sicherheitsdruck GmbH компанияси билан шундай келишувга эга бўлган. Мазкур компания Австрия Марказий банкига қарашли шўба корхона ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 12 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Суриянинг амалдаги раҳбари Аҳмад аш-Шара билан илк бор телефон орқали суҳбатлашганди. Суҳбат давомида Россия етакчиси Суриядаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилашга кўмаклашиш, хусусан, мамлакат аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш ниятини билдирган. Путин, шунингдек, Россия Суриянинг бирлик, суверенитет ва ҳудудий яхлитлигини принципиал жиҳатдан қўллаб-қувватлашини ва янги ҳукуматга мамлакатда барқарорликни таъминлашда ёрдам беришга тайёрлигини айтган. Сурия Президенти администрацияси берган маълумотга кўра, Путин Суриянинг янги ташқи ишлар вазирини Москвага таклиф қилган ҳамда Шара билан Асад даврида имзоланган икки томонлама келишувларни қайта кўриб чиқишга тайёрлигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Сурия самолёт пул

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг