Россия Суриядаги базаларини сақлаб қолиши мумкин, агар...
Олам
−
07 Февраль
10838Сурия Дамашқ манфаатларига хизмат қиладиган келишувга эришилса, Россияга Ўртаер денгизи соҳилидаги – Тартус ва Хмеймимдаги ҳарбий базаларини сақлаб қолиш имкониятини беришга тайёр. Бу ҳақда Сурия мудофаа вазири Мурҳаф Абу Қасра “The Washington Post” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
“Бундан Сурия учун фойда олсак, ҳа”, деган у журналистларнинг тегишли саволига жавобан.
Қайд этилишича, Абу Касра бу билан Суриянинг янги ҳукуматининг янги иттифоқлар тузишни режалаштираётган ва аввалги тузум тузганларини қайта кўриб чиқаётган прагматик ёндашувни таъкидлади.
Абу Касрага кўра, 2024 йил декабрида мамлакатнинг собиқ президенти Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг Россиянинг Суриянинг янги ҳокимиятига муносабати “сезиларли даражада яхшиланган.
WP муаллифлари фикрича, эндиликда Москва халқаро қонунийлик ва қўллаб-қувватлашдан ташқари, Суриянинг янги ҳукуматига “ўзи хоҳлаган нарсани” бериши мумкин: Россияга қочиб кетган Суриянинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Башар Асад.
Абу Касра Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара Башар Асадни экстрадиция қилишни сўраганлигини тўғридан тўғри тасдиқлашдан бош тортган. бироқ, манбага кўра, музокаралар давомида Асадни жавобгарликка тортиш масаласи кўтарилган.
“Яқин-яқингача суриялик исёнчиларнинг асосий етакчиларидан бири Абу Қаср каби жангарилар доимий равишда Россия ҳарбий самолётлари томонидан бомбардимон қилинарди”, дейилади мақолада.
Аммо Абу Қаср бир пайтлар Асаднинг кучли иттифоқчиси бўлган Москвани назарда тутиб, “сиёсатда доимий душманлар йўқ”, деган интервью давомида.
Сурия мудофаа вазирининг сўзларига кўра, Дамашқ ҳозирда кўплаб давлатлар билан мудофаа бўйича келишувлар тузиш имкониятини кўриб чиқмоқда ҳамда “АҚШ ва Туркия билан уларнинг ҳарбий базалари ҳолати бўйича нозик музокаралар олиб бормоқда”.
Маълумот учун, ўтган ойда Суриянинг янги ўтиш даври ҳукумати Россия компанияси билан Тартус денгиз портини бошқариш бўйича келишувни бекор қилди. Сунъий йўлдош тасвирлари Тартус портидаги Россия ҳарбий базасидан ҳарбий техникаларни олиб чиқиш бошланганини ва юклаш жараёнини Россия ҳарбий флоти жанговар кемаси кузатиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу орада ОАВда Туркия Сурияда иккита ҳарбий база қуриб, у ерга F-16 қирувчи самолётларини жойлаштириши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 январь куни Россия делегацияси ҳокимият алмашганидан кейин илк бор Сурия пойтахти Дамашққа ташриф буюрган. Ташриф давомида Россия вакиллари Суриянинг янги ҳокимияти аъзолари билан музокаралар ўтказган. Шундан сўнг, Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Федерацияси Суриянинг янги ҳукумати вакиллари билан мулоқотни давом эттириши ҳақида маълум қилганди. Шунингдек, у Сурия Россия учун муҳим давлат эканини ҳам таъкидлаганди.
LiveБарчаси