Россия Одессага дрон ҳужуми уюштириши оқибатида тинч аҳоли ҳалок бўлди
Олам
−
10 Июнь 2023
6262Бугун, 10 июнь куни эрта тонгда Қора денгиз бўйидаги Одесса шаҳрига Россия учувчисиз самолёти ҳужуми оқибатида кўп қаватли уйга дрон парчалари тушиб, ёнғин келиб чиққанидан кейин уч нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди.
Украинанинг жанубий ҳарбий қўмондонлиги вакилининг айтишича, Одесса вилоятидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари бир кеча-кундузда уюштирилган ҳаво ҳужумларида саккизта “Шаҳед” учувчисиз самолёт ва иккита ракетани уриб туширган. Охирги ҳаво жанги оқибатида дронлардан бирининг қолдиқлари кўп қаватли уй устига тушиб, ёнғинга сабаб бўлган.
Фавқулодда хизматлар 27 киши, жумладан, 3 нафар бола тан жароҳати олганини, бироқ ёнғин тезда ўчирилгани ва бинодан 12 киши қутқариб олинганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 25 май куни Украина Россия томонидан амалга оширилган тунги ҳужумларда Эронда ишлаб чиқарилган 36 та дроннинг барчасини уриб туширганини эълон қилганди. 26 майда эса Киев Россия томонидан учирилган 10 та ракета ва 20 дан ортиқ учувчисиз самолётларни уриб туширганини маълум қилди. 28 майда Россия қўшинлари Эроннинг 54 та Shahed-136/131 учувчисиз самолётлари билан шимолий йўналишда – Брянск вилояти ва жанубий йўналишда – Краснодар ўлкасидан Украинага ҳужум қилди. 1 июнга ўтар кечаси Россия Қуролли Кучлари Киев шаҳрига ўнта “Искандер” ракетасини учирди. Уларнинг барчаси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан йўқ қилинди. 6 июнга ўтар кечаси Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россия қўшинлари Киевга учирган 20 та нишонни йўқ қилди.
LiveБарчаси