НАТОга интилаётган Финляндия Россиянинг тақиқига учради

Олам 14684
image

Россиянинг “Интер РАО” компаниясининг шўба корхонаси бўлган RAO Nordic Oy етказиб берилган электр энергияси учун тўлов қилинмагани сабабли бугун, 14 майдан Финляндияга электр энергияси етказиб беришни тўхтатмоқда.

“Умид қиламизки, вазият тез орада ҳал бўлади ва Россия билан электр энергияси савдоси қайта бошланади”, дейилади RAO Nordic Oy баёнотида.

Финляндиянинг Fingrid электр тармоғи компанияси вакилларининг таъкидлашича, етказиб беришнинг тўхтатилиши фойдаланувчилар учун узилишларга олиб келмайди, чунки умумий истеъмолнинг атиги 10 фоизи Россиядан келади. Камчиликни ўз имкониятлари ва Швециядан импортни кўпайтириш орқали қоплаш мумкин.

Маълумот учун, Финляндия НАТОга интилиши ортидан Россия мамлакатга энергия ресурслар етказиб беришни тўхтатиши мумкинлиги айтилганди. Бироқ гап электр эмас, газ экспорти ҳақида борганди.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Бундан ташқари, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси раҳбарияти 15 май куни Альянсга қўшилиш бўйича ўз позициясини эълон қилади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакат келаси ҳафта НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзои бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 234
Рейтинг: 3
t
×