Россия махсус хизматлари Украина учун маълумот тўплаётган шахсни қўлга олди (видео)

Олам 6093

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Қримда Украина махсус хизматлари учун маълумот тўплаётган россияликни ҳибсга олди, унинг ёнидан портловчи мослама топилган. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

“Федерал хавфсизлик хизмати тезкор-қидирув тадбирлари давомида Россия Федерацияси фуқароси В.Л. Эсипенконинг Украина махсус хизматлари манфаатлари йўлидаги разведка ва қўпорувчилик ҳаракатларини бостирган”, дейилади хабарда.

Федерал хавфсизлик хизматига кўра, ушланган шахс Қрим ҳудудида стратегик иншоотлар ҳамда одамлар тўпланадиган жойларни фото ва видеога олган.

Қайд этилишича, Эсипенконинг автомобилида қўлбола портловчи мосламанинг ташқи белгиларига эга бўлган ашё топилган. 

“Ҳибсга олинган Эсипенконинг сўзларига кўра, у Украина Ташқи разведка хизматининг 5-департаменти 8-бўлимида рўйхатда турувчи захирадаги офицер полковник В.А. Кравчукнинг кўрсатмаси билан Украина махсус хизматлари манфаатлари учун маълумот тўплаган ва унинг тавсиясига биноан хавфсизликни таъминлаш мақсадида қўлбола портловчи мосламани автомобилида сақлаган”, дейилади Федерал хавфсизлик хизмати хабарида.

Маълум қилинишича, Эсипенко Украина махсус хизматлари манфаатлари йўлидаги қўпорувчилик ҳаракатларини олдини олиш мақсадида ҳибсга олинган. Ушланган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 184
Рейтинг: 2.9
t
×