Россия Қрим кўприги учун ўч оляпти
Олам
−
19 Июль 2023
28613Россия армияси Одессага ракета ҳужумини бошлади. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар берди.
Рейд бир соатдан ортиқ давом этгани айтилмоқда. Унга Россия Аэрокосмик кучлари ва денгиз флоти авиацияси жалб қилинган. Украина инфратузилмасига Х-22 ракеталари, “Калибр” қанотли ракеталари ва камикадзе дронлари билан зарба берилган.
Ҳарбий мухбирларнинг таъкидлашича, Одесса билан чегарадош Ильичевскдаги ёқилғи сақлаш омборига зарба берилган. Шунингдек, портда ёнғин чиққан. Кейинги нишонлардан бири Одессадаги нефть омбори бўлган, ҳозир у ер олов ичида қолган.
“Биз Россия билан биргамиз” ҳаракати раиси Владимир Роговнинг айтишича, Днепропетровск, Николаев ва Харков вилоятларида портлашлар ва Украина Қуролли кучларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг овози эшитилган. Шунингдек, Украина назорати остидаги Запорожьега ҳам зарба берилган.
Айтиш жоизки, Украина порт инфратузилмасига икки кундан бери кетма-кет ҳужумлар уюштирилмоқда. 18 июлга ўтар кечаси Россия Қуролли кучлари учувчисиз катерлар ёрдамида Украинадаги объектларга зарба берган. Аниқлик киритилишича, зарбалар юқори аниқликдаги денгиз қуроллари ёрдамида амалга оширилган. Бундан ташқари, Николаев ва Одесса ҳудудидаги ёқилғи омборлари вайрон қилинган – уларнинг умумий ҳажми тахминан 70 минг тоннани ташкил этади. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, вайронага айланган объектлар Украина Қуролли кучларининг ҳарбий техникасини ёқилғи билан таъминлар эди.
“Ҳужум қилиш режалаштирилган барча нишонлар мўлжалга олинди. Вайрон бўлган объектларда ёнғин ва портлашлар содир бўлган”, дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 17 июлга ўтар кечаси Қрим кўпригида портлаш рўй берганди. Шундан сўнг Кремль жавоб чоралари тайёрланаётганини эълон қилди. Кеча, 18 июл куни Украина инфратузилмасига берилган зарбадан сўнг Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бу Қрим кўпригига қилинган ҳужум учун жавоб эканлигини тасдиқлади.
LiveБарчаси