Россия Африкага ғалла ва ўғит етказиб беради – Путин

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Россия Украина дони ўрнини тўлдира олишига ишонтирди. Бу ҳақда у 27-28 июль кунлари Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган иккинчи Россия-Африка саммити ва иқтисодий форуми арафасида эълон қилинган “Россия ва Африка: тинчлик, тараққиёт ва муваффақиятли келажак учун кучларни бирлаштириш” мақоласида айтиб ўтди.

“Украинадан экспорт қилинадиган юкнинг 70 фоиздан ортиғи юқори ва ўртадан юқори даромадли мамлакатларга, жумладан, Европа Иттифоқига жўнатилган бўлса, Эфиопия, Судан ва Сомали каби давлатлар, шунингдек, Яман ва Афғонистон улуши 3 фоиздан кам”, деган Путин.

Шунингдек, давлат раҳбари Россия бу йил яна рекорд даражадаги ҳосилни кутаётганини ва Украина ғалласини текин ёки тижорат асосида алмаштиришга тайёрлигини айтган. 

“Сизни ишонтириб айтмоқчиманки, бизнинг мамлакатимиз Украина ғалласини ҳам тижорат, ҳам бепул алмаштиришга қодир, айниқса, бу йил биз яна рекорд даражадаги ҳосилни кутмоқдамиз”, деб ёзади Путин.

Россия раҳбари 2022 йилда унинг давлати Африкага 11,5 миллион тонна, жорий йилнинг биринчи олти ойида эса қарийб 10 миллион тонна дон экспорт қилганини эслатган.

Маълумот учун, 25 та Африка давлатининг ҳар йилги буғдой импортининг учдан бири Россия ва Украина ҳиссасига тўғри келади. Шунинг учун ҳам, Россия-Украина уруши бошланганидан бери озиқ-овқат нархи ошиши сабабли, оғир кунларни бошидан ўтказаётган Африка давлатлари икки давлатни яраштириш ташаббуси билан чиққан. Хусусан, Африка Иттифоқи комиссияси раҳбари Муса Факи Муҳаммад томонларни дон йўлаги келишувларини янгилашга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 18 июль куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги дон йўлаги бўйича келишувни тўхтатилганини эълон қилганди.  Шундан сўнг, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Москванинг бу қарорини қоралади. 

Украина Президенти Владимир Зеленский эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга дон йўлаги келишувини ёки унга ўхшаш лойиҳани уч томонлама шаклда давом эттириш таклифи билан расмий мактуб юборди. 

Бу орада Россия томонидан Одессага қилинган ракета ва дрон ҳужуми оқибатида 60 минг тонна ғалла йўқотилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин ғалла ўғит

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг