“Роботлар раҳбарлик қиладиган замон келади”. Жек Мадан 5 башорат
Олам
−
10 Февраль 2021
8759Инсоният ўзининг чекланмаган эҳтиёжларини қондириш йўлида янгидан-янги технологик кашфиётларга қўл урмоқда. Бунга бошқа томондан жаҳон бозорида авж олган кучли рақобат ҳамда савдо урушлари ҳам сабаб бўляпти. Россия Президенти Владимир Путиннинг ҳам қуйидаги сўзлари технологияларнинг қанчалик муҳим эканини очиб беради:
“Кимки жаҳон технологиялари ва билимлари “мусобақасида” етакчига айланса, у дунёни бошқаради”.
Кўриниб турибдики, дунё глобал ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Бу йўлда инсонга технологиялар ҳамроҳ. Лекин, танганинг бошқа томони ҳам бор. Ҳар бир давлат қўлга киритишга ҳаракат қилаётган энг замонавий технологиялар, сунъий интеллект, роботлар инсоният учун хавф уйғотиши ҳам мумкинми? Бу саволга жавоб топиш мақсадида дунёнинг технологик марказларида бири бўлган Хитойнинг биринчи рақамли тадбиркори Жек Манинг ушбу мавзу доирасида турли конференция ва форумларда сўзлаган нутқи ва билдирган хавотирлари билан танишамиз.
Давосдаги охирзамон тахмини
2018 йил январь ойида Давосда бўлиб ўтган Бутунжаҳон иқтисодий форумида Жек Ма технологияларнинг жадал ривожланиши охирзамонга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди. Миллиардер шунингдек, янги технологиялар ва сунъий интеллект кўплаб ижтимоий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида гапирди.
Alibaba Group асосчисининг сўзларига кўра, роботлар ва сунъий интеллект келажакда кўплаб касбларни йўқ қилади ва одамларни ўз ишларидан маҳрум қилади.
“Дастлабки технологик инқилоб Биринчи жаҳон урушига сабаб бўлганди, иккинчи технологик инқилоб Иккинчи жаҳон урушига сабаб бўлди, энди эса учинчи технологик инқилобга қараб кетяпмиз”, дейди Жек Ма.
“Time” журнали муқовасини роботлар эгаллайди
Технологиялар дастидан кейинги 30 йилда дунёда бахтсизлик фоизи ортади. Бу ҳақда Жек Ма 2017 йилда Хитойнинг тадбиркорлар клуби йиғилишида айтган.
Миллиардерга кўра, келажакда Интернет билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай бизнес зарар кўриши мумкин. Шунингдек, у 15 йил олдин онлайн тижоратнинг анъанавий бизнесга таъсири ҳақида огоҳлантирганини эслатиб ўтган.
Жек Ма, шунингдек, роботлар ва сунъий интеллект инсонларнинг қўлидан келмайдиган катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш учун зарурлигини таъкидлаган.
“Машиналар одамларни ўрнини эгалламаслиги керак. Биз уларни одам қила олмайдиган ишларни бажаришга қандай жалб қилиш ҳақида ўйлашимиз лозим. Шунда технологияни рақиб эмас, балки “инсонга йўлдош” деб қабул қилиш мумкин”, дейди Жек Ма.
Шу билан бирга, Ма сунъий интеллектнинг ривожланиши одамларнинг узоқ умр кўриши ва кам ишлашига олиб келиши мумкинлигини тан олган. Бундан ташқари, роботлар компания раҳбарларини алмаштириши ҳам мумкин.
“30 йил ўтгач, “Time” журнали муқовасидаги йил одами номинациясини, эҳтимол робот эгаллар. Роботнинг хотираси бизникидан яхшироқ, у тезроқ ҳисоблайди ва рақобатчилар билан жанжаллашмайди”, дейди тадбиркор.
Иш вақти – 12/7
Жек Ма, шунингдек, сунъий интеллектнинг ривожланиши билан инсоният ҳафтасига 12 соатлик иш вақтига ўтиши мумкинлигини, бироқ бунинг учун таълим тизимини ўзгартириш зарурлигини таъкидлаган. Бу ҳақда тадбиркор 2019 йилнинг ёзида Шанхайда бўлиб ўтган сунъий интеллект бўйича халқаро конференцияда таъкидлаб ўтган.
Миллиардернинг сўзларига кўра, мавжуд тизим эскирган, чунки келажакда сунъий интеллект яхши хотира ва буйруқларни бажаришга асосланган иш ўринларини тўлиқ забт этади.
Жек Ма келажак авлод ҳафтасига уч кун ва кунига тўрт соат ишлашлаши мумкинлигини айтиб, кейинги 10-20 йил ичида барчани таълим тизимини ислоҳ қилишга чақирган. Шунингдек, у келажакда таълим ижодкорликни ривожлантиришга йўналтирилишини қўшимча қилган.
Рақамли иқтисодиёт
2017 йилда Москванинг Сколково номли инновацион марказида бўлиб ўтган “Рақамли иқтисодиёт” конференциясида Жек Ма электрон иқтисодиёт пайдо бўлишини башорат қилди.
Унга кўра, бундай иқтисодда фақат роботлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
“Одамлар келажак ҳақида хавотирда. Бу – табиий, чунки уларнинг бунга тасаввури етмайди. Бизда бундай саволларга ҳозирча жавоб йўқ, лекин ечимлар ҳам пайдо бўлади. Инсоният келажак авлодга таяниши керак. 7 миллиард одам орасидан тўғри фикрларни таклиф қиладиган ақллилар чиқади”, дейди Ма.
Жек Ма рақамли технологиялар мавзусига ҳам тўхталиб, Интернет бир неча йилдан сўнг нефтдан муҳимроқ бўлишини таъкидлаган.
Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо уруши 20 йил давом этади
“Одамлар Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо урушининг 20 йил давом этишига тайёргарлик кўриши керак”, дейди миллиардер.
Жек Ма бу фикрни 2018 йил кузида Тяньцзин шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида айтган. Ўша пайтда Вашингтон ва Пекин ўртасидаги “тариф уруши” авжига чиқаётган эди.
Жек Ма дунёнинг икки йирик иқтисодиёти ўртасидаги савдо уруши ўнлаб йиллар давом этиши мумкинлиги сабаб Хитой Африка, Жанубий-Шарқий Осиё ва Европани қамраб олган замонавий “Ипак йўли” бўйича экспортга эътибор қаратиш кераклигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Жек Ма 2020 йил 24 октябрда Шанхайда бўлиб ўтган молиявий форумда Хитой молия соҳасидаги янгиликларни тўхтатиб турган ҳокимиятни танқид қилган эди.
Орадан кўп вақт ўтмай, Ма Хитой назорат органлари томонидан чақиртирилган. Alibaba шўъба корхонасининг режалаштирилган IPO’си бекор қилинган. Компанияга нисбатан антимонопол текшируви қўзғатилган.
Шундан сўнг, ишбилармон 3 ой жамоатчиликка кўриниш бермади. Бу эса ҳар хил миш-мишларни келтириб чиқарди. Кейинроқ, миллиардер жорий йилнинг 20 январь куни Хитойнинг қишлоқ ўқитувчиларини қўллаб-қувватлашга бағишланган онлайн-тадбирда видеоалоқага чиқди.
LiveБарчаси