Samsung нархларни 60 фоизгача оширди

Олам

image

Samsung Electronics ноябрь ойида бир қатор хотира чипларининг нархини кескин – 60 фоизгача оширди. Бу ҳақда жараёндан бевосита хабардор бўлган манбаларга таяниб, “Reuters” агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, нархларнинг бу даражадаги сакраши глобал сунъий интеллект инфратузилмасига талаб кескин ортгани, аммо етказиб бериш занжирида узилишлар кучайгани билан изоҳланмоқда. Маълумотларга кўра, Samsung'нинг асосий мижозлари учун белгиланган контракт нархлари сентябрдан буён сезиларли равишда қимматлаган.

Масалан, 32 GB DDR5 модуль нархи сентябрь ойидаги $149 дан ноябрга келиб $239 га чиқди. 16 GB ва 128 GB модуллар нархи ҳам қарийб 50 фоизга ошган. 64 GB ва 96 GB вариантларда эса 30 фоиздан юқори ўсиш қайд этилган.

Бу ошиш нафақат серверлар билан ишловчи компанияларни, балки смартфон, ноутбук ва бошқа истеъмолчи техникасини ишлаб чиқарувчиларни ҳам босим остига қўймоқда. Аналитикларнинг айтишича, ички компонентлар қимматлашгани фонида яқин ойларда тайёр қурилмалар нархи ҳам кўтарилиши мумкин.

Samsung Electronics нархлар оширилгани юзасидан расмий изоҳ бермаган. Бироқ компания Жанубий Кореяда янги юқори унумли чип ишлаб чиқариш линиясини фаоллаштиришни режалаштираётгани маълум қилинган. Мутахассисларнинг фикрича, бу қарор сунъий интеллект бозорининг ўртача ва узоқ муддатли ўсиш истиқболлари билан боғлиқ.

Саноат экспертлари Samsung 2025 йилнинг тўртинчи чорагида контракт нархларини яна 40–50 фоиз оралиғида ошириши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу эса умумий бозор прогнозларидан ўртача 30 фоизгача юқори кўрсаткич.

Қобилова Комила


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Samsung сунъий интеллект

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг