Риши Сунакнинг қайнонаси Ҳиндистон парламентига номзод бўлди
Олам
−
09 Март
4299Ҳиндистон Президенти Драупади Мурму Буюк Британиянинг биринчи осиёлик Бош вазири Риши Сунакнинг қайнонаси, ёзувчи ва хайриячи Судҳа Муртини Раджья сабха (Ҳиндистон парламентининг юқори палатаси)га номзод қилиб кўрсатди. Бу ҳақда кеча, 8 март куни "The Week" нашри маълум қилди.
Бу қарорни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳам қўллаб-қувватлаган. У Судҳа Муртининг турли соҳаларга, жумладан, хайрия ва таълим соҳаси ривожи учун қўшган ҳиссасини юқори баҳолаган. Модининг сўзларига кўра, Муртининг фаолияти "буюк ва илҳомлантирувчи" кучга эга.
“Ҳиндистон Президенти Судҳа Мурти номзодини парламентга кўрсатганидан хурсандман. Судҳа хонимнинг турли соҳаларга, жумладан, ижтимоий иш, хайрия ва таълимга қўшган ҳиссаси буюк ва илҳомлантирувчи”, деган у.
Раджья сабха 245 аъзодан иборат бўлиб, уларнинг аксарияти штатлар ва бошқа ҳудудларнинг қонун чиқарувчи органлари томонидан сайланади. Аммо 12 нафар аъзо одатда санъат, адабиёт ва фанга, шунингдек, жамоат фаолиятига қўшган ҳиссаси учун Президент томонидан шахсан тайинланади. 73 ёшли Мурти ўқитувчи, хайриячи ва ёзувчи сифатида танилган. У инглиз ва каннада (Ҳиндистоннинг жануби-ғарбий қисмида сўзлашув тили) тилларидаги газеталарда колумнистлик қилган.
Маълумот учун, Буюк Британиянинг амалдаги Бош вазири Риши Сунак 2006 йилда Судҳа Муртининг қизи Акшата Мурти билан турмуш қурган, уларнинг икки нафар фарзанди бор.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёлнинг қайнонаси Чхве Ин Сун ҳужжатларни қалбакилаштириш ва кўчмас мулкни рўйхатга олиш қонунчилигини бузганликда айбдор деб топилиб, 2024 йилнинг июлигача озодликдан маҳрум этилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь