Ринг ташқарисидаги “жанг”: Жаҳон чемпиони севгилисини калтаклашда айбланмоқда
Спорт
−
15 Январь 1376 2 дақиқа
Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA) енгил вазн тоифасидаги чемпиони Жервонта Дэвис собиқ севгилисига нисбатан зўравонлик қилганликда гумон қилиниб, Майами полицияси томонидан қидирувга берилди. Бу ҳақда Майами Гарденс полиция департаменти баёнотига таяниб, TMZ нашри хабар берди.
Манбага кўра, ушбу воқеа 2025 йилнинг 27 октябрь куни содир бўлган. Жабрланувчининг судда берган кўрсатмаларига кўра, у Дэвис билан беш ой давомида яширин муносабатда бўлган. Аёлнинг даъвосига кўра, боксчи унинг офисига бостириб кириб, жисмоний тажовуз қилган, сўнг уни автотураргоҳга мажбуран олиб чиқиб, у ерда ҳам аёлни калтаклаган.
Жабрланувчининг адвокатлари Жервонта Дэвисдан етказилган маънавий ва жисмоний зарар учун катта миқдорда компенсация ундиришни талаб қилмоқда.
Кеча, 14 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Майами полицияси вакили боксчини учта модда бўйича — калтаклаш, ноқонуний равишда озодликдан маҳрум этиш ва одам ўғирлашга уриниш айбловлари асосида ҳибсга олиш учун АҚШ маршаллари билан ҳамкорлик қилинаётганини маълум қилди.
Терговчилар жабрланувчининг кўрсатмаларини тасдиқловчи видеоёзувларни ўрганиб чиққан ва Дэвисни ҳибсга олиш учун расмий ордер олган.
Маълумот учун, Жервонта Дэвис профессионал карерасида ҳозиргача 30 та жанг ўтказиб, 28 та нокаут билан ғалаба қозонган ва 1 дуранг билан рекордини сақламоқда.
Live
Барчаси