“Реал” Олисе бўйича музокаралар олиб бормаганини айтди
Спорт
−
11:15 454 1 дақиқа
“Реал Мадрид” жамоаси “Бавария” футболчиси Майкл Олисе трансфери бўйича музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ, Испания ОАВлари “Реал Мадрид”нинг франциялик вингерга қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар тарқатган эди. Жумладан, “Marca” нашри “қироллик клуби” футболчи учун 220 миллион еврогача маблағ тўлашга тайёрланаётганини ёзганди.
“Турли оммавий ахборот воситаларида клубимизнинг “Бавария” футболчиси Майкл Олисега қизиқиши ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдириб, “Реал Мадрид” шуни маълум қиладики, клуб ҳозирга қадар мазкур футболчи, унинг вакиллари ёки унга яқин шахслар билан ҳеч қандай тўғридан-тўғри ёки билвосита алоқа ўрнатмаган”, дейилади мадридликлар баёнотида.
Шунингдек, клуб “Бавария” билан кўп йиллик ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик ва ишончга асосланган муносабатларга эга эканини таъкидлаб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган миш-мишлар тарқатилаётганидан афсус билдирган.
“Реал Мадрид”нинг қайд этишича, ҳар қандай эҳтимолий трансферга қизиқиш аввало клублар ўртасида муҳокама қилиниши лозим.
Маълумот учун, 24 ёшли Майкл Олисе 2024 йилнинг июль ойида Англиянинг “Кристал Пэлас” клубидан “Бавария” сафига қўшилган. Ўтган мавсумда у мюнхенликлар таркибида 52 та учрашувда майдонга тушиб, 22 та гол муаллифи бўлган.
Live
Барчаси