Расул Кушербоев “UzAutoMotors”ни саволларга “кўмиб қўйди”
Жамият
−
29 Декабрь 2020
46640Аввалроқ, “UzAutoMotors” акциядорлик жамияти бош юристи Рустам Шаймардонов компаниянинг даромади 562 млрд сўмга камайганини маълум қилгани ва бунда ОАВ, блогерлар ҳамда жамоатчиликни айблагани ҳақида хабар берилганди.
Охирги ойларда компания билан нарх масаласида анча кураш олиб борган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев “UzAutoMotors”нинг айбловига ўз муносабатини билдирди. Депутат компанияга қатор саволлар ҳам йўллаган.
“UzAutoMotors” масаласи бироз эътибордан четда қолганди. Аммо ўзларининг бугунги кутилмаган абсурд айбловлари билан яна эътибор марказига тушди.
Энг қизиғи, хатто давлат раҳбари томонидан ҳам фуқароларнинг ахборот ва сўз эркинлиги ҳуқуқидан фаол фойдаланаётгани қўллаб-қувватланаётган бир вақтда компания иши юришмагани учун уни танқид қилган фуқароларни айблаш даражасига етиб келгани”, дейди Кушербоев.
Халқ вакили компания баёнотидаги асосий жиҳатлардан келиб чиқиб, бир қатор саволлар бериб ўтган.
“Уларга “ҳалоллик вакцинаси” тадбиқ этилган экан.
Савол: унда нега истеъмолчилар улар ишлаб чиқарган автомобилларнинг сифати ва айрим деталлари қўйилмай сотилаётганлигидан норози?
Экспорт кўрсаткичлари ортиб бормоқда экан.
Савол: автомобиль экспорти, бутловчи ва бошқа эҳтиёт қисмлар импортидан қанчалик ортиқ, агар ортиқ бўлса?
Улар энг йирик солиқ тўловчилардан экан.
Савол: унда нима учун компания 2020 йилнинг 9 ойи давомида Солиқ кодексининг 460-моддасига асосан тўланиши керак бўлган 582,6 млрд сўм миқдоридаги 3 фоизлик йиғимни тўламай келмоқда?
ОАВ ва ижтимоий тармоқларда уларга қарши “махсус буюртма” билан кимлардир бўхтон ва асоссиз хабарлар тарқатиб, мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда экан.
Савол: айнан кимлар, қандай бўхтон қилишмоқда? Бу аслида фуқароларнинг асосли танқидлари эмасми? Нега мазкур масала бўйича судга мурожаат қилинмаяпти?
Салбий хабарларнинг тарқалиши жорий йилнинг август-сентябрь ойларида компаниянинг кунлик тушумини 30-40 млрд сўмга камайтирибди ва белгиланган режа 562 млрд сўмга кам бажарилибди.
Савол: тушум камлиги пандемия даврида аҳоли тўлов қобилиятининг пасайиши, компания маҳсулотининг сифати ва нархига бўлаётган эътирозлар билан боғлиқ эмасми?
Фуқароларнинг чиқишлари Ўзбекистонда инвестиция жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, инвесторларнинг юртимизга инвестиция олиб киришида иккиланиш пайдо қилмоқда экан.
Савол: бу иккиланишлар автомобиль соҳаси ўта монополлашиб, уларга катта имтиёзлар берилиб, эркин рақобат бозори йўқлигида эмасми?
150 млн евро миқдоридаги давлат аҳамиятига молик ҳамкорлик келишувини кечикишига ҳам фуқароларнинг компания ҳақида салбий хабарлар чиқариши сабаб бўлгани айтилмоқда.
Савол: бу тенг рақобат, бозор қоидалари ва замонавий бошқарув қобилияти йўқ бошқарув оқибатида ҳорижлик ҳамкорлар билан эриша олинмаётган келишувлар бўйича раҳбариятга изоҳ беришда ҳамма айбни ўз истеъмолчилик ҳуқуқи ва Конституциявий сўз эркинлигидан фойдаланаётган фуқароларга “тўнкаб”, жавобгарликдан қутулиш йўли эмасми?
Компания ахборот соҳасидаги қонунларни ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талаблари бўйича жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтибди.
Савол: компания Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунларнинг талабларидан ҳам хабардорми?
Ва сўнгги савол: компаниянинг иши юришмаса айбни бағрикенг ва сабрли юрт фуқароларига тўнкаш дунёнинг яна қайси автомобиль компаниялари ҳаётида кузатилган?
Яна бир масала: мен бирорта ҳориж компанияси вакилини кўрмаганман, ҳорижда чиқарилган автомобилим ҳам йўқ, агар эски “Москвич 407”ни айтмаса. Бу масалада буюртмачим фақат сайловчилар”, дея таъкидлаган Расул Кушербоев.
Қайд этиш керакки, “UzAutoMotors” АЖ бош юристи Рустам Шаймардонов компаниянинг сўнгги йиллардаги ютуқлари ҳақида “оғиз кўпиртириб”, унинг сўнгги ойлардаги йўқотишларида жамоатчиликни айблаганди. Асосийси, ҳуқуқшунос ўзининг иддаосига исбот келтирмаган.
LiveБарчаси