“Махсус буюртма” – “UzAutoMotors” фойдаси камайганида ОАВни айблади
Жамият
−
29 Декабрь 2020
16736Ўзбекистон автомобиль саноатининг монопол субъекти “UzAutoMotors”нинг август-сентябрь ойларидаги тушуми 562 млрд сўмга камайган. Компания бош юристи Рустам Шаймардоновнинг ёзишича, бунга оммавий ахборот воситаларида монопол субъектни ёмонлаб чиқилган “буюртма” мақолалар сабаб бўлган.
“Ҳар қандай давлатнинг автомобиль саноати мамлакат иқтисодиётининг локомотиви ҳисобланиб, унга халқаро майдонда бошқа мамлакатларга нисбатан рақобат устунлигига эришиш имкониятини беради.
Aвтомобилсозлик саноати мамлакат аҳолисини иш билан таъминлаш билан бирга ундаги илм-фаннинг ривожланишига, эришилган ютуқларни ва илғор технологияларни саноатга тадбиқ қилинишига ҳамда соҳада малакали кадрларни етишиб чиқишига замин яратади”, дейди Шаймардонов сўзи аввалида.
Унга кўра, ҳозирги кунга келиб автомобилсозлик саноатида юритилаётган оқилона сиёсат натижасида, сўнгги 3 йилда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробарга ўсиб, 140 мингтадан 280 мингтага етказилган.
Шунингдек, автомобиллар харид қилинишида узундан узоқ навбатда туришдек салбий ҳолатларга чек қўйилиб, соҳага “Ҳалоллик вакцинаси” татбиқ этилган ва чуқур илдиз отган коррупция иллатларига барҳам берилган.
“Савдо тизимини рақамлаштириш натижасида автомобиллар савдоси шаффофлигига эришилди. Хусусан, харидорларга сотувда тайёр турган автомобиллар билан танишиш, автомобилга онлайн буюртма бериш ва шартнома тузиш, онлайн тўловни амалга ошириш, автомобилни олиш вақтини ва навбатини кузатиб бориш имкониятлари яратиб берилди.
Соҳада рақобатни кучайтириш мақсадида Жиззах вилоятида энг йирик жаҳон брендларидан бири бўлган, Германиянинг Volkswagen автомобиллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Ўтган йили соҳанинг экспорт ҳажми қарийб 3 баробарга ошган бўлса, жорий йил яна 1,5 баробарга ўсиб, автомобилларимиз Қозоғистон бозорининг етакчисига айланди”, дейди Шаймардонов “UzAutoMotors” сўнгги йиллардаги фаолиятига тўхталиб.
Таъкидланишича, автомобилсозликка ўтган йили 70 млн. AҚШ долларидан ортиқ инвестиция жалб қилинган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 100 млн. AҚШ долларидан ошган.
Шунингдек, ўтган йил якуни билан бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга жами 2,6 трлн. сўм маблағлар тўланган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 2 баробарга ўсиб, 5 трлн. сўмдан ортиқ маблағлар давлат бюджетига тўланади.
“Йиллар давомида давлат кўмагидан фойдаланиб келаётган ушбу тармоқ, бугунги кунга келиб, мамлакатдаги энг йирик солиқ тўловчилардан бирига айланди.
Тармоқ корхоналарида SAP корхона ресурсларини режалаштириш тизимини жорий қилиниши, ушбу соҳага тартибли, сифатли ва юқори самарадорликка эга ишлаб чиқариш маданиятининг кириб келишига сабаб бўлди”, дейди компания бош юристи.
Шу билан бирга, “UzAutoMotors” AЖ томонидан ишлаб чиқариш сифатини янада яхшилаш ва халқаро стандартларга эришиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилгани ҳам айтиб ўтилган.
Хусусан, 2020 йилнинг октябрь ойида AҚШнинг GMI (General Motors International) ташкилоти томонидан жамиятнинг ишлаб чиқариш жараёнлари ўрганилиб, жамиятга халқаро BIQ IV (Built-in quality) сифат даражаси берилган. BIQ IV сифат даражаси ўзида “брак” маҳсулот ишлаб чиқармаслик учун 29 йўналишда ишларни ташкил этиш дегани экан.
Жаҳон тажрибасига асосан ҳар 1000 дона автомобилда 28 донагача нуқсон чиқиши назарда тутилган бўлиб, Жамиятнинг ушбу кўрсаткичи ҳозирда 15 донани ташкил этяпти.
Шаймардонов компания ютуқлари ҳақида обдон маълумот бергач, гапнинг пўсткалласига ўтган ва “UzAutoMotors” зарари ҳақида гап очган.
“Сўнгги йилларда мамлакатда ахборот олиш эркинлиги ва кафолатларининг таъминланишига давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бироқ, ҳозирги кунда айрим ОAВ, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан давлат томонидан яратиб берилаётган бундай имкониятларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда”, дейди ҳуқуқшунос Шаймардонов.
Мутахассисга кўра, ОAВ ва ижтимоий тармоқларда “Махсус буюртма” асосида турли бўҳтон ва асоссиз хабарларнинг тарқатиб борилаётганлиги, нафақат миллий бренднинг нуфузига, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам салбий таъсирини кўрсатмоқда.
“Биринчидан, бундай хабарлар тарқалиши жорий йилнинг август-сентябрь ойларида “UzAutoMotors”AЖ кунлик тушумини қарийб 30-40 млрд. сўмга кескин камайишига ёхуд жорий йилнинг август-сентябрь ойларида белгиланган режани 562 млрд сўмга кам бажарилишига сабаб бўлган.
Бундай йўқотишлар албатта, Жамиятнинг мазкур тушумларга мутаносиб равишда давлат бюджетига солиқ ва бошқа ижтимоий тўловлар тўлашига тўсқинлик қилган.
Маблағ тақчиллиги юзага келиши натижасида сентябрь ойида режалаштирилган аккредитив тўловлари ва хорижий ҳамкорларга йўналтириладиган тўловлар октябрь-ноябрь ойларида кечиктириб тўланган.
Иккинчидан, ушбу хабарлар автосаноат соҳасининг инвестиция жозибардорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Учинчидан, хорижий ҳамкорлар билан Жамиятнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, заводнинг техник жиҳозларини модернизация қилиш ва айланма маблағларини кўпайтириш борасидаги 150 млн. евро миқдоридаги келишувини кечикишига ҳам айнан шундай хабарлар сабаб бўлган”, деган “UzAutoMotors” АЖ бош юристи.
Ҳуқуқшуноснинг “махсус буюртма” хабарлар ҳақида айтганлари қанчалик ҳақиқатга яқин билмадим. Негаки, у сўзига исбот келтирмаган. Агарда компания ўзига нисбатан бўҳтон ва асоссиз хабарлар тарқатилганда ва у бунга амин бўлса, шак-шубҳа йўқ-ки бошни баланд кўтариб, судга мурожаат қилган бўларди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳисоб палатасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ва 2021 йил учун Бюджетнома бўйича хулосасида“UzAutoMotors” АЖ 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида бюджетга 582,6 млрд сўм йиғим пулларини тўламаганини маълум қилганди.
LiveБарчаси