Кушербоев парламентда қандай “игнор” қилинаётгани акс этган видео тарқалди
Жамият
−
24 Декабрь 2022
47955Олий Мажлис Қонунчилик палатасида жорий йилнинг 19 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун муҳокамага қўйилди. Мажлисда иштирок этган депутат Расул Кушербоев қайта-қайта мажлисга раислик қилувчи спикер ўринбосари – “Халқ” демократик партияси раиси Улуғбек Иноятовдан сўз сўраганига қарамай, Иноятов уни “игнор” қилишда давом этган. Ушбу ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқда тарқалди.
Видеода депутат Расул Кушербоев бир неча бор “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича фикрлари борлигини айтиб, сўз сўраганига қарамай, Улуғбек Иноятов мамлакатдаги ислоҳотлар ҳақида баландпарвоз ирод қилишда давом этган ва Кушербоевнинг қўл силташига ҳам, овозини баландлатишига ҳам парво қилмаган.
Тасвирларда Кушербоев бир неча дақиқа давомида сўз олишга ҳаракат қилаёттгани, тураётгани, ўтираётгани, Олий Мажлис ходимларини чақириб шикоят қилаётгани, ҳатто, овозини баландлатиб, “сўз бермайсизми?” деётгани акс этган.
Уринишларига қарамай, сўз ололмаган, Иноятов томонидан менсилмаган Кушербоев асабийлашган ва мажлисни тарк этишга қарор қилган.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 22 декабрь кундаги мажлисида қайта кўриб чиқилган. Мажлисда Кушербоев иштирок этмаган ва қонун лойиҳаси тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ депутат Расул Кушербоевнинг депутатликдан кетаётгани, Дониёр Ғаниевнинг эса унинг кетишини қўллаб-қувватламаслиги ҳақида хабар қилган эдик.
Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бошқа аъзолари, спикер Нурдинжон Исмоилов, Қўмита раислари, спикер ўринбосарлари, Кушербоевга сўз бермаган Иноятов ва ЎзЛиДеП раиси Актам Хаитов ҳам чуқур сукутда. Парламентдан Кушербоевнинг кетишига ва у қўйган масалаларга нисбатан муносабат бўлаётгани йўқ.
LiveБарчаси