“Раҳмат сенга Кушербоев”. Ғаниев Расул Кушербоевнинг кетишини қўллаб-қувватламади
Жамият
−
23 Декабрь 2022
41697Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевнинг депутатликдан кетиш қарори кун тартибида турибди. У нега айнан Президент Шавкат Мирзиёев куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасига йўллаган мурожаати депутатларга билдирган ишончидан кейин кетишга қарор қилгани ҳозирча мавҳум бўлиб турибди.
Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Дониёр Ғаниев Кушербоевнинг бу қарорини қўллаб-қувватламаслигини айтиб чиқди.
"Раҳмат сенга Кушербоев. Расул Кушербоев депутатлик фаолиятини тугатишга қарор қилибди. Парламент учун катта йўқотиш, афсус.
Расулнинг журъати, “дух”ига доим тан берганман, ҳар қандай қаршилик ва босимларга қарамай ўз принципларида қатъий туришига ҳавас қилганман. Тан олиш керак, бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
Гарчи Расулни ҳурмат қилсамда, лекин унинг бу галги қарорини унчалик маъқулламайман. Чунки Кушербоев кенг жамоатчилик учун айнан давлат раҳбари бошлаган сиёсий ислоҳотлар ютуғининг тимсолига айланган, мамлакатда кучли парламент ва демократик жамият қуришда кўпчиликка илҳомлантирувчи, умид берувчи шахс сифатида шаклланган эди. Унга минглаб сайловчилари ишонч билдирган, ндан депутат сифатида уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишини кутишган.
Шу билан бирга, Расул бу қарорга осонликча келмаганига ҳам аминман. Эҳтимол бизга аён бўлмаган асосли сабаблари ёки шахсий муаммолари бордур.
Билишимча, депутатликдан кетишга ҳали расман ариза билан мурожаат қилмаган. Балки, сайловчилари фикрига қулоқ солиб, яна ўйлаб кўрар ва қарорини ўзгартирар. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам бу унинг шахсий қарори ва биз буни ҳурмат қилишимиз керак.
Ишонаманки, депутатликдан кетган тақдирда ҳам Расул Кушербоев халқ манфаатлари ва адолатли жамият барпо этиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида хизмат қилишдан тўхтамайди”, деб ёзган Ғаниев.
Эслатиб ўтамиз, Расул Кушербоев депутатликдан кетишига Президентнинг парламент ҳақида айтганларидан кейин ҳам бошқа идораларнинг, айрим амалдор раҳбарларнинг депутатларга, парламентга муносабати бу йўсинда сақланиб қолаётгани сабаб бўлаётганини ва бундан хафалигини айтган.
LiveБарчаси