Расмий Қобул “Толибон”нинг “соя губернатори” ўлдирилганини эълон қилди

Олам

image

Афғонистон ҳарбийлари Республиканинг жануби-ғарбидаги Нимрўз вилоятида “Толибон”нинг “соя губернатори” ҳисобланган Абид Мавлавийни йўқ қилганини эълон қилди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар бермоқда. 

Афғонистон армиясининг 215-корпусининг маълумотига кўра, у 275 жангари билан бирга Ҳарбий ҳаво кучлари операциясида ҳалок бўлган. Ўз навбатида, “Толибон” вакили Қори Юсуф Аҳмадий бу маълумотни “РИА Новости” агентлигига рад этган. 

Маълумот ўрнида, кеча, 6 август куни “Толибон” ҳаракати жангарилари Aфғонистон жануби-ғарбидаги Нимрўз вилояти маркази Заранж шаҳрини эгаллаб олгани маълум бўлди. Қайд этилишича, жангарилар шаҳар аэропорти ва ҳукумат идораларини ҳам босиб олган.  

“Толибон” расмийлари маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари губернаторнинг уйини, полиция қароргоҳини, разведка ва унга тегишли биноларни босиб олган.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

123

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг