Афғонистондаги кескинлик: “Толибон” илк бор вилоят марказини эгаллади

Олам

image

“Толибон” ҳаракати жангарилари Aфғонистон жануби -ғарбидаги Нимрўз вилояти маркази Заранж шаҳрини эгаллаб олди. Эрон чегараси яқинида жойлашган шаҳарнинг ҳукумат назоратидан чиққани ҳозирча расман тасдиқланмаган. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.

Заранж толибларнинг сўнгги ҳужумлари вақтида эгалланган биринчи вилоят маркази бўлди. Бунгача Ҳирот, Лашкаргоҳ ва Қандаҳор каби йирик шаҳарлар учун ҳам жанглар олиб борилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, “Толибон” мамлакат ҳудудининг 50 фоиздан 80 фоизгача қисмини назорат қилади. Лекин шу кунгача у вилоят марказларини назорат қилмаган.

Катта савдо шаҳри бўлган Заранж ён атрофидаги ҳудудлар толиблар томонидан эгалланганидан сўнг, узоқ давом этган жанглар натижасида қулади.

BBC’нинг ҳукуматдаги манбасига кўра, Афғонистон хавфсизлик бошқармасининг ҳудудий бўлимида ҳамон жанглар давом этмоқда. Ижтимоий тармоқларда шаҳарда талончилик акс этган видеолар тарқала бошлади.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, жангарилар ҳукумат қўшинларига мадад кучлари келмагани оқибатида қўлдан чиққан. Толибклар шаҳардаги аэропортни ҳам эгаллаб олган.

Заранжнинг қўлга олиниши “Толибон” ҳужумининг кучайишига туртки беради. Бу қарийб 20 йил Афғонистонда бўлган АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетиш фонида бўляпти.

Маълумотларга кўра, январь ойидан бери 294 мингга яқин афғон мажбуран уйини тарк этган. Мамлакатдаги умумий қочқинлар сони эса 3,5 млнга етган.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

95

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг