Расман: Туркияда коронавируснинг иккинчи чўққиси қайд этилди

Олам

image

Туркия янги турдаги коронавирус инфекцияси COVID-19 нинг биринчи тўлқини иккинчи чўққисини бошдан кечирмоқда. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кўжа маълум қилди. 

"Пандемия давом этмоқда, ҳар куни инфекциялар кўпаймоқда. Биз биринчи тўлқиннинг иккинчи чўққисини бошдан кечиряпмиз. Анқара, Истанбул, Измир, Бурса ҳали ҳам юқори хавф остида",  дейди Кўжа журналистлар билан мулоқотда. 

Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг шарқий вилоятлари – Газиантеп, Шонлиурфа, Мардин, Эрзурумда коронавирусга чалинган кўплаб янги беморлар аниқланмоқда. 

Вазирнинг маълумотларига кўра, 2 сентябрь куни Туркияда 1 596 нафар янги бемор қайд этилган. Бу 15 июндан бери энг катта кунлик ўсиш. Инфекцияни юқтирганларнинг умумий сони 273 301 кишига етди. Пандемия бошланганидан бери кунига ўртача 45 киши вафот этди.  Вафот этганлар 6 462 нафарни ташкил этмоқда. 

Кўжа бир кун олдин Туркияда коронавирус билан касалланганлар сони кунига 1 572 тага кўпайгани, 47 бемор вафот этгани ва бу мамлакатдаги 15 майдан бери кузатилган энг катта кўрсаткич эканини айтганди. 

Кўжанинг сўзларига кўра, айни вақтда коронавирусга чалиниш бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилган ҳудуд – Анқара. Пойтахтда касалланиш Истанбулга қараганда икки баравар кўп. 

“Шунинг учун биз кўпроқ Анқара устида иш олиб боряпмиз ва айниқса, ижтимоий масофага нисбатан чораларни кўришни бошладик. Маълум ёшдан катта одамларнинг турли муассасаларга кириши чекланган. Аммо ҳозирча кун тартибида комендантлик соати каби чоралар мавжуд эмас", дейди Соғлиқни сақлаш вазири.

Унинг сўзларига кўра, пандемия устидан назорат қўлдан бой берилмаган, аммо баъзи вилоятларда вазият оғирлашган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Коронавирус

Баҳолаганлар

290

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг