Расман: Мадина Мухторова ва унинг ўғлига очилган жиноий иш тугатилди
Жамият
−
27 Март 2020
28237Жорий йил бошида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мадина Мухторова ва унинг вояга етмаган ўҳли билан боғлиқ ҳолат ижтимоий тармоқларни портлатган эди. Йил бошида тарқалган биринчи видеода Мухторованинг ўғли Мирфайз Алимжонов акаси ва келинойиси томонидан муттасил калтакланиб келганини айтган. Ушбу видео ижтимоий тармоқда кенг тарқалиб, баҳс-мунозараларга сабаб бўлгач, бу видеҳазил тариқасида суратга олингани иддао қилинди. Шундан Мадина Мухторова ва унинг тўнғич ўғли Санжар Мухторовга нисбатан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган эди.
Иш судда кўриб чиқилиб, Мадина Мухторова ва Санжар Мухтаровларга нисбатан жиноят иши ярашилганлиги муносабати билан тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов QALAMPIR.UZ’га маълум қилмоқда.
Жорий йилнинг 19 март куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан гумон қилинувчилар Мадима Мухторова (1964 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти олий, нафақада, оилали, муқаддам судланмаган) ва Санжар Мухторов (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта-махсус, ишсиз, оилали, муқаддам судланмаган)ларга оид жиноят иши кўриб чиқилди.
Судда гумонланувчи Мадина Мухторова ва Санжар Мухтаровлар ярашув тўғрисида ариза тақдим қилиб, қилмишидан пушаймонлиги, содир этган қилмишининг оқибатларини англаганлиги, жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, ҳозирда жабрланувчи билан ярашиб олганлиги ҳақида кўрсатма бериб, жиноят ишини тугатишни сўраган.
Жабрланувчининг қонуний вакили Д. Юлдашева жабрланувчи Мирфайз Алимжонов билан судда ярашув тўғрисидаги ариза тақдим қилиб, гумонланувчи Мадина Мухторова ва Санжар Мухторовга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, ярашув суд томонидан тасдиқланганидан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни тушунганини, жиноят ишини тугатишни сўраган.
Фуқаровий даъвогар Мирфайз Алимжанов судда ярашув тўғрисидаги ариза тақдим қилиб, гумонланувчи Мадина Мухторова ва Санжар Мухтаровга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, ярашув суд томонидан тасдиқланганидан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни тушунганини, жиноят ишини тугатишни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 66-1-моддаси (ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавогарликдан озод қилиш) га мувофиқ, Жиноят кодексининг 109-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлган бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Суд, жабрланувчининг қонуний вакили, фуқаровий даъвогар ва гумонланувчиларнинг ярашув тўғрисидаги аризаларини жиноят иши ҳужжатлари билан ўрганиб, Юнусобод туман прокурори ёрдамчисининг жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатиш ҳақидаги фикрини эшитиб, гумонланувчиларнинг айбига иқрорлиги, етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, ярашув гумонланувчи, фуқаровий даъвогар ва жабрланувчининг қонуний вакили бирон-бир тазйиқсиз, ўз хоҳиши билан бўлаётганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноят, Жиноят кодексининг 66-1-моддасига мувофиқ, ярашувга тушишини инобатга олиб, Мадина Мухторова ва Санжар Мухторовларга нисбатан жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатишни лозим топган.
Шунга кўра, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди судьяси Э. Шамсутдинова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан гумон қилинувчи Мадина Мухторова ва Санжар Мухтаровларга нисбатан жиноят иши ярашилганлиги муносабати билан тугатиш ҳақида ажрим чиқарди.
Жабрланувчи, жабрланувчининг қонуний вакили ва фуқаровий даъвогарга ушбу иш бўйича иш юритишни қайта тиклаш юзасидан илтимоснома бериш ҳуқуқи йўқолганлиги тушунтирилган.
LiveБарчаси