“Мадина Мухторова эффекти”. Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари мунтазам топталмоқдами?
Таҳлил
−
05 Январь 2020
24855Жорий йилнинг 2 январь куни Мадина Мухторованинг ўғли муттасил калтаклангани, ертўлада яшаб келаётгани ҳақидаги видео ижтимоий тармоқлардаги катта “портлаш”га сабаб бўлди. Бу ҳолатга жамоатчилик бефарқ муносабатда бўлмади. Муҳокамалар авж олди. Куни кеча ички ишлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан ушбу масала юзасидан брифинг ўтказилди. Хўш, бир боланинг калтаклангани нега бундай резонанс берди? Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро хамжамият нима дейди ва у нега муҳим? Келинг, халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчиликни таҳлил қилсак.
Халқаро конвенция ва унинг ратификацияси
Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция БМТнинг 1989 йил 20 ноябридаги Бош ассамблеясининг N 44/25-сонли резолюциясига биноан қабул қилинган. Халқаро даражадаги хужжат муқаддима ва уч қисм, 54 моддадан иборат.
Муқаддимада шундай сўзлар ёзилган: “Бола тўлиқ ва уйғунлик асосида ривожланиши учун бахт, меҳр-муҳаббат ва ўзаро тушунишга асосланган оилавий муҳитда ўсиши лозим эканлигини тан олган ҳолда...”.
Конвенцияда бола тушунчаси, унинг ҳуқуқлари, манфаатлари, ота-она мажбурияти, қоидаларни амалга оширишда БМТга аъзо-давлатлар вазифалари ҳақида аниқ тўхталиб ўтилган.
Конвенцияда келтирилган бир неча бола ҳуқуқларидан мисоллар келтириб ўтсак:
• Ҳар бир бола яшаш ҳуқуқига эга – ҳар бир БМТга аъзо-давлат бола соғлиғининг ривожланиши ва яшаши учун максимум даражада шароит билан таъминлайди;
• Ҳар бир бола туғилиши заҳоти исм ва фуқароликка эга бўлиш ҳуқуқига эга – ҳар бир БМТга аъзо-давлат халқаро хужжатлар асосида миллий қонунчилиги бўйича амалга оширади;
• Ҳар бир бола ўз фикрини эркин билдириши, фикр, виждон ва диний эркинликларга эга – ҳар бир БМТга аъзо-давлат болаларни ота-онаси ва васийлари томонидан ўз болаларини қонуний бошқариш методларини ҳурмат қилади;
• БМТга аъзо-давлатлар болаларга нисбатан ҳар қандай жисмоний ва руҳий тазйиқлардан ҳимоя қилиш учун маъмурий, ижтимоий чоралар кўриши шарт.
Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан биринчилардан бўлиб ратификация қилган халқаро хужжатлардир бири айнан шу Конвенциядир. Ўзбекистон Республикаси олий кенгашининг 1992 йил 9 декабридаги 757-XII-сонли қарорига мувофиқ қўшилган. Кучга кирган санаси эса 1994 йил 29 июль кунидир.
Миллий қонунчилик. Бола ҳуқуқи учун ким жавобгар?
Бола ва унинг ҳуқуқлари, уни вояга етказиш бўйича кимлар жавобгар ва масъул органлар қайсилар? Қонунчиликдаги иерархия бўйича таҳлил қилсак. Даставвал, бош қомусимиз саналмиш Конституциянинг 64-моддасида, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар, дея келтирилган. Яъни, ҳар бир бола учун унинг ўз ота-онаси масъул. Бу ҳақда Оила кодексининг 75-моддасини варақласак. Унда ота-оналик ҳуқуқини амалга ошириш бўйича бир қатор нормалар белгиланган. “Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади”. Мазкур кодекснинг 79-моддасида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлиш сабаблари келтирилган. Улар:
• ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;
• узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;
• ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;
• муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса;
• ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш фақатгина суд тартибида амалга оширилади.
Шунингдек, агар ота-она болалар олдидаги мажбуриятини бажармаса, нафақат ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинади, балки маъмурий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасида (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бу бўйича алоҳида жавобгарлик белгиланган.
Бола ким? Унинг қандай ҳуқуқий кафолатлари мавжуд?
2008 йил 7 январда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Ушбу қонунда бола ҳуқуқлари соҳасида кўплаб масалаларга тўхталиб ўтилган.
Бола – 18 ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар).
Қонунда юқорида санаган ҳуқуқлар қатори хусусий мулкка бўлган ҳуқуқи, турар жойга бўлган ҳуқуқ, меҳнат қилиш ҳуқуқи (фақат 16 ёшдан), билим олиш ҳуқуқларининг кафолатлари берилган. Бундан келиб чиқадики, ҳар бир бола учун унинг ота-онаси қатори давлат ҳам масъулдир.
Бола ҳуқуқларини кафолатлари, васийлик ва ҳомийлик масалаларида мутасадди ташкилотлар:
• Вазирлар маҳкамаси;
• Халқ таълими вазирлиги;
• Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
• маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.
Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисида Низомга мувофиқ васийлик ва ҳомийлик фаолиятини вояга етмаганларга нисбатан — туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари амалга оширади.
Очиғини айтиш керак, васийлик ва ҳомийлик органи ҳақида фақатгина қонунчиликдан топдик, холос. Бу органни амалда бирор марта эшитмаганмиз ҳам. Биласизки, Ўзбекистонда ажримлар сони йил сайин кўтарилиб бормоқда.
Йилнинг охирида Адлия вазирининг 23000 номли видеоролигидаги мазкур рақам ҳам ҳолат қандай жиддий эканлигини англатади. Бу рақамлар ортида қанча гўдаклар етим қолганлигини, ё отасининг ёки онасининг меҳрига зор бўлиб келаётганини англатади.
Бола ҳуқуқларида бошқа муаммолар
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мадина Мухторованинг вояга етмаган ўғли билан боғлиқ можаро ўзбек жамиятидаги болаларга оид қонунчилик, унинг қанчалик ижро этилаётгани, болаларга нисбатан жамиятдаги зўравонлик қай ҳолатда эканини янада яққол кўрсатди. Балки Мухторованинг фарзанди билан боғлиқ ҳолатда болага нисбатан зўравонлик содир этилмагандир. Лекин бу муаммо жамиятда мавжуд. Бола ҳуқуқлари масаласида UNICEF Ўзбекистонда вазият оғир эканлигини бот-бот эслатиб келмоқда. Ўзбекистонда фақатгина 17 фоиз болалар парваришлаш учун нафақа олиши, ўтказилган тадқиқотларда мамлакатдаги болаларда анемия, темир дефицити, витамин А дефицити учраётгани ҳақиқий аҳволни кўрсатиб турибди.
Оналар томонидан ўз фарзандини сотиши ҳам жиддий муаммоларидан биридир. Шу йилнинг ўзида бундай жиноятлар ҳақида ОАВда кўп дуч келдик. Наманганлик аёл ўз фарзандини 500 долларга сотмоқчи бўлди. Бу жиноятда яна туғруқхона ходими билан тил бириктиргани муаммолар бисёр эканлигини кўрсатмоқда.
Сурхондарёлик аёл боласини туғиб, бозордаги ҳожатхонага ташлаб кетди. Бу масалада жиноят иши қўзғатилди, аммо она болага бўлган ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганми ёки йўқ, бирор ташкилот баёнот бермади.
Болаларга бўлган зўравонлик жамият онггига ҳам сингиб кетган. Буни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ўтказилган сўровнома мисолида ҳам кўриш мумкин. Унга кўра, 44,4 фоиз синф раҳбарлари, 39,5 фоиз фан ўқитувчилари, мактаб психологлари ва 45,2 фоиз ота-оналар болани жисмоний жазолаш мумкин деб ҳисоблайдилар. Марказ бу рақамлардан хавотирга тушган.
LiveБарчаси