“Оила” маркази хавотирда! Болани жисмоний жазолаш қандай оқибатларга олиб келади?
Фойдали
−
04 Декабрь 2019
5870Авваллари болани таълимга бериш олдидан ота-оналар муаллимга қарата “Эти сизники, суяги бизники”, деб лутф қилган, фарзанди комил инсон, таълим ва тарбияли бўлиб етиши учун, ҳатто, таёқ ейишига қўйиб берган. Бу ҳақда кўп эшитамиз, ўқиймиз. Аммо давр сингари одамлар ҳам ўзгарди.
Хўш, болани тарбиялашджа жисмоний жазо усулларини қўллаш тўғрими? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан шу маънода сўровнома ўтказилди. Унда ойдинлашишича, 44,4% синф раҳбарлари, 39,5% фан ўқитувчилари, мактаб психологлари ва 45,2% ота-оналар болани жисмоний жазолаш мумкин деб ҳисоблайдилар.
Улардан бунга изоҳ сўралганда, жисмоний жазолаш орқали гапга қулоқ солмайдиган болани тарбиялаш жамиятда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олади деб таъкидлаганлар.
Респондентлардан болага нисбатан оилада бешафқат муносабатнинг сабаблари сўралганда, уларнинг 46,8% ота-оналарнинг носғлом турмуш тарзи ҳамда улардаги педагогик, психологик ва ҳуқуқий билимларнинг пастлиги, 26,5 % ота-она ва фарзанд муносабатларидаги низоли вазиятларнинг пайдо бўлиши, 6,6 % оиланинг моддий аҳволи деб айтган бўлса, респондентларнинг 20,1 % болаларнинг ўзини сабабчи қилиб кўрсатганлар.
Ушбу тадқиқот сўровларида Тошкент шаҳар ва Наманган, Тошкент вилоятларидаги 834 нафар синф раҳбарлари, психологлар, 252 болалар ва 316 ота-оналар иштирок этдилар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Жиноят кодексининг алоҳида моддаларида болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, уларни ҳақорат қилиш, турли даражадаги тан жароҳатлари етказиш учун жавобгарлик чоралари белгиланган.
Бундан ташқари, жисмоний жазолаш билан тарбияланган болаларда салбий психологик оқибатлар пайдо бўла бошлайди, ишончсизлик, қўрқув ва руҳий тушкунлик “комплекслар”и ривожланади, жумладан, уларда бировлар фикрига тобе бўлиб қолиш ва “мустақил фикрлаш” йўқола боради. Натижада, бундай болалар жамиятда ўзига муносиб ўринни эгаллаш борасида қийинчиликларга дуч келадилар.
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази олим ва мутахассислари ана шундай жазолаш туфайли болаларнинг жамиятда тан олинишида қийинчиликка учрашлари ва охир-оқибатда тарбияси оғир бўлган болалар сафига кириб қолишларидан хавотирда”, дейилади марказ ахборотида.
LiveБарчаси