“Подшоҳ амри вожиб”. Тошкент шаҳрига блокпостлардан ўтаётган фуқаролар қандай фикрда?
Жамият
−
27 Март 2020
14508Хабарингиз бор, Тошкент шаҳри ҳудудига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан фуқаролар ва транспорт воситаларининг киришига чекловлар ўрнатилди. Жорий йилнинг 24 март куни кечки соат 00:01 дан бошлаб пойтахт дарвозалари вақтинча ёпилди.
QALAMPIR.UZ ижодий гуруҳи Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг чегара ҳудуди кесишмасидаги Минерал сувлар блокпостида бўлди ва ҳолат билан танишди.
Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги 6 та мунтазам йўл-патруль хизмати маскани, 6 та блок пост, 7 та тўсиқ постлар, Тошкент вилояти ҳудидан Тошкент шаҳри ҳудудига кирувчи 5 та блок пост 5 та тўсиқ постлар ёпилган. Бу постлардан барча транспорт воситаларининг кириш-чиқиши тақиқланган, бундан юк ташувчи автомобиллар мустасно. Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турувчи ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатда туриб, Тошкент шаҳрида ишловчи фуқаролар киришига рухсат берилади, холос.
ЙПХ масканлари, блокпостларда фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ва иш жойидан берилган махсус рухсатномалар текширилиб, ўтказилмоқда.
“Бу ҳолатларни кўпчилик тўғри тушунмоқда. Биз фуқароларимиздан сўраб қолардикки, бу чоралар коронавирус инфекциясини бутун мамлакат бўйлаб тарқалиб кетишини олдини олишга қаратилган”, дейди ИИВ ЙҲХБ ахборот хизмати етакчи раҳбари Азиз Муродов.
Расмийлардан ташқари, ушбу назорат масканидан ўтаётган фуқароларни ҳам суҳбатга тортдик. Бу ҳолатни кўпчилик юртдошларимиз тўғри қабул қилишларини айтиб ўтди.
“Авваламбор, бу ўзимизнинг хавфсизлигимиз учун қилинди. Шу сабабли, биз ҳам буни тушуниб турибмиз. Лекин бу ишлар вақтинчалик”, дейди фуқаролардан бири.
“Шаҳарда ишламасангиз ёки яшамасангиз киришга йўл қўйишмаяпти. Агар бундай иш қилинадиган бўлса, давлат ишхоналарида ҳам ишчиларга жавоб берилиши керак”, дейди яна бир фуқаро.
“Мен Тошкент вилоятига участка олиш ниятида келгандим. Булар паспортимни сўрашмоқда. Тошкент шаҳридан чиқаётганда муаммосиз чиқдим. Паспорт кўрсатишим кераклиги эсимдан чиқибди. Ўғлим олиб келяпти.
Майли, кутамиз энди. Президент қарори билан бўляпти-ку. “Подшоҳга бўйсун, амри вожиб” дейишган-ку”, дейди яна бир юртдошимиз.
Маълумот ўрнида, ушбу тартиб Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси кўрсатмасига кўра ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар сони 83 нафарга етди. Мамлакатда бир киши коронавирус ортидан вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси