Расман! Абдулла Қурбоновнинг лицензияси тугатилди
Маданият-санъат
−
31 Май 2019
22269Аввалроқ, QALAMPIR.UZ сайтида “Жаҳонгир Отажонов тазйиққа учраяптими? “Ўзбекконцерт” расмий баёнот билан чиқди” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда хонандалар Жаҳонгир Отажонов ва Абдулла Қурбонов ўртасида давом этаётган можаролар ҳақида сўз юритилганди.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси навбатдаги баёнот билан чиқди.
“Яқинда ижтимоий тармоқларда хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг чиқарган видеосига ҳақоратомуз тарзда ўз муносабатини йўллаган хонанда Абдулла Қурбонов томонидан санъаткор одобига тўғри келмайдиган ноўрин сўзлар орқали муборак Рўзаи Рамазон ойида кенг омманинг ғашига тегиш ҳоллари кузатилди. Абдулла Қурбоновнинг ижтимоий тармоқлардаги кетма-кет чиқарган бундай номақбул аудио-видеолари ўз навбатида ёшлар орасида ва жамоатчилик ўртасида салбий фикр уйғотмасдан қолмади ҳамда норозиликларга сабаб бўлди”, дейилади баёнотда.
Юқорида ҳолатлар бўйича хонандага Муассаса томонидан бир неча маротаба ушбу ноўрин муносабатларни тўхтатиш тўғрисида огоҳлантириш берилган. Шунга қарамасдан хонанда томонидан ножоиз муносабатли фикрларни кенг оммага тарқатиш яна такрорланди.
Шу боис лицензиат Абдулла Қурбонов билан тузилган лицензия битимининг 4.2.9-бандида назарда тутилган талаблар ва шартлар мунтазам равишда бузилганлигини инобатга олиб, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 37-бандига асосланиб, Қурбонов Абдулла Акбарович номига концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун берилган АА-серияли, 5706-сон лицензиянинг амал қилиши 2019 йил 31 май кунидан тугатилди.