Рамзан Қодировнинг бошига ҳам Пригожиннинг куни тушади - “Bild”
Олам
−
30 Август 2023
17691Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Дмитрий Гудков “Вагнер” асосчиси Евгений Пригожиннинг тақдири Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни ҳам кутаётганини айтди. Унинг сўзларини “Bild” келтирмоқда.
Гудковнинг сўзларига кўра, Россия расмийлари Президент Владимир Путинга таҳдид солаётган шахсларни, жумладан, Рамзан Қодировни йўқ қилишга киришиши мумкин.
Материалда айтилишича, Қодиров бир муддат Кремлга қарши исёнчи бўлган ва Чеченистон урушида қатнашган, бундан Россия марказий ҳукумати хавотирда бўлиши мумкин.
“Путин Кремлнинг турли фракциялари ўртасида ҳакам ролини ўйнашни тўхтатди. У энди бу ролга дош беролмайди, можаролар пайдо бўлади”, дейди мухолифатчи.
Қайд этилишича, Қодиров ва Россия хавфсизлик аппарати ўртасида очиқ можаро, шунингдек, ФСБ ва Мудофаа вазирлиги ўртасидаги можаронинг кучайиши эҳтимоли бор.
“Ишончим комилки, Қодиров билан зиддият бўлади. Чунки Қодиров Россия давлатчилигининг энг катта рақибларидан бири. Қодировнинг яхши тайёрланган армияси бор. Қодиров хавфсизлик аппаратидан ташқарида катта таъсирга эга”, дея қўшимча қилган Гудков.
Пригожиннинг ўлими
Жорий йилнинг 23 август куни Россиянинг Тверь вилоятида ҳалокатга учраган самолёт бортида “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин ва унинг ҳаммуассиси Дмитрий Уткин бўлгани, бортдаги барча 10 йўловчи ҳалок бўлгани айтилганди. 24 август куни Россия Президенти Владимир Путин самолёт ҳалокатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ва Пригожинни истеъдодли тадбиркор, бироқ тақдири оғир инсон бўлгани ва ҳаётида жиддий хатоларга йўл қўйганини қайд этганди. Ғарб давлатлари етакчилари ва расмийлари эса мазкур ҳалокат ортида Путин турганини истисно қилмаслигини билдирган.
Масалан, Еврокомиссия “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожиннинг ўлими ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа қилаётган бўлса, Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий эндиликда “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси устидан назорат тўғридан-тўғри Путинга ўтишини тахмин қилмоқда.
27 август куни Россия Федерацияси Тергов қўмитаси “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожинни Тверь вилоятидаги авиаҳалокатда ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Кеча, 29 август куни Пригожиннинг дафн маросими Санкт-Петербург қабристонларидан бирида бўлиб ўтди.
LiveБарчаси