Рамзан Қодиров ўз бўлинмаларини Фаластинга юборишга тайёр эканлигини айтди
Олам
−
10 Октябрь 2023
19949Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Telegram’даги ўз саҳифасида Исроил билан можарода Фаластинни қўллаб-қувватлашини айтди.
Қодиров ўз постида назорати остидаги бўлинмалар “тинчликпарвар кучлар” сифатида ишлашга тайёр эканини билдирган.
"Халқаро ҳамжамиятдан бир овоздан Фаластиндаги вазият бўйича адолатли қарор қабул қилишларини сўрайман. Мен мусулмон давлатлари раҳбарларига мурожаат қиламан: коалиция тузинг ва Европадами ёки Ғарбда, дўст деб ҳисоблаётганларингизга айтинг – улар жангариларни йўқ қилиш баҳонасида тинч аҳолини бомбардимон қилмасин”, деб ёзган Қодиров.
Рамзан Қодиров, шунингдек, Чеченистон бўлинмалари тартибни тиклаш ва ҳар қандай тартибсизликларга қарши туриш учун тинчликпарвар кучлар сифатида ҳаракат қилишга тайёрлигини қўшимча қилган.
“Мен урушни ҳам, вазиятни кескинлаштиришнинг ҳар қандай шаклини ҳам тўхтатишга чақираман”, деган у.
Россия расмий ҳокимияти эса Исроил-Фаластин можароси фонида нейтралликни сақлаб турибди — Москва томонларни қон тўкмасликка чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Исроил ҳужумларида 490 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 2750 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бундан ташқари, 7 октябрдан бери босиб олинган Ғарбий Соҳилда Исроилнинг ўққа тутилиши оқибатида 15 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Шунингдек, Исроил матбуоти 800 киши ҳалок бўлгани ва 2300 дан ортиқ исроиллик жароҳат олгани ҳақида хабар берган.
Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
LiveБарчаси