Рамзан Қодиров мигрантларни ҳимоя қилиб, Россия ҳукуматини нафрат қўзғатишда айблади
Олам
−
07 Октябрь
23728Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия ҳукуматини миграция сиёсатини кучайтиргани учун танқид қилди. У айрим қабул қилинган чоралар унинг ҳафсаласини пир қилаётганини, чунки улар Россияни қўшни биродар ҳудудлар билан тўқнаш келишига олиб келишини таъкидлади. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Агар миграция сиёсатини ўзгартириш керак бўлса, буни шунчалик жирканч усулда қилмаслик керак. Барчага ваҳшийларча ташланмаслик лозим, кимни қўлга олишса, ҳеч қандай сабабсиз ушлаб кетишмоқда. Сўнгги пайтларда бу тадбирлар жуда қаттиқ ўтказилмоқда”, деб ёзди минтақа раҳбари.
Қодировга кўра, Россияда миграция билан боғлиқ муаммолар мамлакатга келганлар айби билан пайдо бўлмаган ва чет элликларни чиқариб юбориш орқали бу муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди.
“Бу ерда муаммо ўз вақтида уларнинг вазифасига кирадиган масалалар билан шуғулланиб, ҳар қандай кучайган жараёнларга тезкор жавоб бериши керак бўлганларнинг лоқайдлигида. Аммо, деярли ҳеч қандай назорат йўқ”, дейди у.
Чеченистон раҳбари Россия ҳукуматига миграция назоратининг саводли тизимини йўлга қўйиш, бу соҳада тўғри сиёсатни ўрнатиш кераклигини, бошқа давлат фуқароларини “тартибсиз инквизицияга дучор қилмаслик” кераклигини айтди.
“Жамиятда мигрантларга бўлган нафратни қўзғатиб, биз ҳеч қандай яхшиликка эриша олмаймиз, аксинча, вазиятни янада оғирлаштирамиз. Сабабларни бартараф этиш керак, уларнинг оқибатлари билан шуғулланмаслик зарур”, дейди Қодиров.
Унга кўра, мигрантлар орасида қонунбузарлар ҳам, қонунга бўйсунадиган фуқаролар ҳам бор ва қонунга риоя қиладиганлар анча кўп.
“Бўлди, биз бугунги мигрантларни тўлиқ таъқиб ва тозалаш орқали ҳайдаб чиқарамиз, лекин эртага бошқа давлатлардан бошқалари келади. Ким кафолат беради улар яхшироқ бўлади деб?” дейди у.
Маълумот учун, Россияда миграция сиёсатининг кучайиши 22 март куни Москвадаги “Крокус Сити Ҳолл”да юз берган терактдан кейин бошланди. Ушбу воқеада 145 киши ҳалок бўлди, 550 дан ортиқ одам жароҳат олди. Ҳодисада гумон қилинаётганлар тожикистонликлар бўлиб, бу жамиятда мигрантларга қарши кайфиятнинг кучайишига сабаб бўлди.
Шу воқеа фонида куч ишлатар органлар 2013 йилдан буён энг йирик ноқонуний мигрантлар овини бошлаб, мамлакатнинг 68 минтақасида рейдлар ўтказди. Ички ишлар вазирлиги миграция қонунчилигини кучайтиришни таклиф қилди ва июнь ойида Давлат Думаси чет эл фуқароларининг ҳуқуқларини чекловчи қонунни қабул қилди. Бу чоралар орасида мигрантларни махсус рўйхатга киритиш, яшаш жойини ўзгартириш ҳуқуқини чеклаш, транспорт воситаларини бошқариш, никоҳ тузиш ва банк ҳисоб рақамларини очиш ҳуқуқларини чеклаш ҳам бор.
Сентябрь ойида Ички ишлар вазирлиги Россиядан 2 миллиондан ортиқ мигрант кетганини маълум қилди. Ўша пайтда Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин парламент қуйи палатаси мигрантларга оилаларини Россияга олиб келишни тақиқлаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқаётганини маълум қилди.
1 окятбрь куни Ички ишлар вазирлиги Россияда вақтинча бўлиб турган мигрантларни рўйхатга олиш муддатини бир йил билан чекловчи тузатишларни таклиф қилди. 5 октябрь куни Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода миграция назоратининг кучайиши туфайли республика фуқароларининг Россияда юзага келган ҳолатидан хавотирда эканлигини билдирди. У хавфсизликни таъминлаш баҳонасида Тожикистон фуқароларини кириш ва депортация қилишдан бош тортиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлади.
LiveБарчаси