Қодиров Пригожинга қарши курашиш учун ёрдам кучи жўнатди
Олам
−
24 Июнь 2023
20160Чеченистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Россия гвардияси жангчилари аллақачон кескинлик юзага келган зоналарга жўнаб кетди. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
“Бўлаётган ҳамма нарса “орқадан пичоқ уриш” ва ҳақиқий ҳарбий қўзғолондир! Тарих шуни кўрсатадики, бундай ҳаракатлар қонли оқибатларга олиб келиши мумкин. “Махсус ҳарбий операция”да биз озгина йўқотишга учрадикми? Биз ҳали ҳам мамлакат ичида муаммо яратишимиз керакми?”, дея таъкидлаган Чеченистон раҳбари.
Рамзан Қодиров Россия Президенти Путин ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириб, уни кўкларга кўтариб улуғлаган. Қодировнинг айтишича, Путин бутун вазиятни ҳар қандай стратегдан яхшироқ билади. Унинг қарорлари эса мутаносиб ва пухталик билан қабул қилинади.
“Ҳар биримиз хаританинг фақат битта қисмини кўрамиз ва у бир вақтнинг ўзида ҳамма нарсани кўради! Ва Владимир Владимирович халққа мурожаатида жуда тўғри таъкидлади – бу ҳарбий қўзғолон! Бундай ҳаракатларни оқлаб бўлмайди! Мен Владимир Владимирович Путиннинг ҳар бир сўзини тўлиқ қўллаб-қувватлайман!”, деган Чеченистон раҳбари.
Шунингдек, Рамзан Қодиров жангчиларга мурожаат қилиб, провокацияга берилмасликни, қандай мақсадлар қўйилмасин, қандай ваъдалар айтилмасин, бундай пайтда давлат хавфсизлиги ва Россия жамиятининг жипслиги ҳамма нарсадан устунлигини таъкидлаган.
Қодиров Чеченистон Мудофаа вазирлиги ва Россия гвардиясининг Чеченистондаги жангчилари аллақачон кескинлик кучайган зоналарга жўнаб кетгани, Россиянинг бирлигини сақлаш ва унинг давлатчилигини ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсани қилишини таъкидлаган.
“Қўзғолонни бостириш керак ва агар бу қаттиқ чораларни талаб қилса, биз тайёрмиз!”, дея фикрини якунлаган Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Бунинг ортидан Россия Мудофаа вазирлиги “Вагнер” ҳужум отрядлари жангчиларига, Президент Владимир Путин эса россияликларга мурожаат билан чиқди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси Россияда бўлиб турган фуқароларини огоҳлантирди.
Иброҳимжон Ғаффоров
LiveБарчаси