Рамзан Қодиров истеъфо сўради
Олам
−
06 Май 23912 2 дақиқа
Рамзан Қодиров Чеченистон раҳбарлиги лавозимидан кетиш учун рухсат сўради. Бу ҳақда у кеча, 5 май куни журналистлар унинг истеъфога чиқиши ҳақидаги миш-мишларга изоҳ сўраганида сўз очди.
“Мен ҳам бу миш-мишларни эшитдим. Ҳар хил гаплар ёзишяпти. Аксинча, мен ўзим лавозимдан озод қилишларини сўрамоқдаман. Бошқа бировнинг ўз ташаббуслари, ўз қарашлари бўлади. Умид қиламанки, менинг илтимосим қўллаб-қувватланади”, деди у.
Маълумот учун, Рамзан Қодиров 2007 йил 5 апрелда Чеченистон раҳбари лавозимини эгаллаган бўлиб, Россиядаги амалдаги минтақа раҳбарлари орасида энг узоқ ишлаётган сиёсатчи ҳисобланади. У сўнгги марта 2021 йил сентябрь ойида қайта сайланган. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Қодиров сайловда 99,7 фоиз овоз билан ғалаба қозонган, сайловдаги иштирок даражаси эса 94,42 фоизни ташкил қилган. Унинг ҳозирги ваколат муддати 2026 йилгача амал қилади.
Шунингдек, “Медиалогия” тадқиқотига кўра, 2025 йил март ойида Қодиров ижтимоий тармоқларда энг кўп тилга олинган минтақа раҳбари бўлди – у ҳақда 166,39 мингта хабар ёзилган.
Бунгача “Новая газета. Европа” унинг соғлиғи кескин ёмонлашгани ҳақида хабар берган. Нашр манбаларига кўра, Қодиров Чеченистондан ташқарига чиқмай қўйган ва деярли бутун вақтини Грозний шаҳридаги “Аймед” клиникасида шифокорлар назорати остида ўтказмоқда, ҳатто у ерда тунаб қолмоқда. Маълум қилинишича, 6 йил аввал Қодировда даволаб бўлмайдиган ошқозон ости бези некрози аниқланган.
“Кавказский узел” нашрининг ёзишича, Қодиров сўнгги саккиз йил ичида камида бир неча бор ўз истеъфоси ҳақида гапирган. У 2017, 2020 ва 2022 йилларда ҳам Чеченистон раҳбарлигидан кетишга тайёрлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рамзан Қодировнинг кенжа ўғли, 17 ёшли Адам Қодиров республика Хавфсизлик Кенгаши котиби этиб тайинланганди. Ундан олдинроқ эса Адам Қодиров Ички ишлар вазирлигининг минтақавий бошқармаси куратори лавозимини ҳам эгаллаган.
Live
Барчаси