Рамос, Асенсио ва бошқалар — Евро-2020 да қатнашолмайдиган юлдузлар рамзий жамоаси тузилди
Спорт
−
02 Июнь 2021
5182Британиянинг машҳур “Goal.com” нашри тез орада старт оладиган Европа чемпионати ҳақида бир қатор материаллар эълон қилиб бормоқда. Бу сафар Евро-2020 да иштирок эта олмайдиган машҳур футболчилардан иборат рамзий жамоа тузилди.
Таркиб қуйидагича (тактика 5-2-3):
Дарвозабон: Кепа Арризабалага. Дунёнинг энг қиммат дарвозабони бу мавсум тўлиғича захирага “михланиб” қолгани сабабли терма жамоага чақирилишга лойиқ кўрилмади. Футболчининг “Челси”даги келажаги ҳам сўроқ остида қолмоқда.
Чап қанот ҳимоячиси: Тео Эрнандес. Шу пайтга қадар терма жамоага чақирилган Теонинг ўрнига Дешам бу сафар “Манчестер Сити” ҳимоячиси Аймерик Ляпортни маъқул кўрди ва омадли мавсум ўтказган Эрнандесни йўлланмасиз қолдирди.
Марказий ҳимоячи: Дайо Упамекано. Яқинда “Бавария”га трансфер қилинган француз футболчисига Дидье Дешам асосий таркибдан жой топиб бера олмади. Упамекано Евро-2020 ни трибунадан туриб кузатади.
Марказий ҳимоячи: Серхио Рамос. “Реал”нинг тирик афсонаси ҳамда сардори бу сафар терма жамоасига ёрдам бера олмайди. Умуман олганда у жисмоний жиҳатдан анча толиққан. Охирги марта у жорий йилнинг январь ойида 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилган. Жароҳатлар туфайли Рамос қизғин чемпионатни ўтказиб юборади.
Марказий ҳимоячи: Свен Ботман. “Лилль” сафида ПСЖни титулсиз қолдирган ҳимоячи Голландия термасига чақирилмади. Бу қарорга кўпчилик хайрон қолди, бироқ бош мураббий Франк Де Бур ўз таркибидан унга жой топиб бера олмади.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Ҳанс Хатебор. “Аталанта” билан А Серия бронза медалини қўлга киритган футболчи оғир жароҳати сабаб йирик турнирни ўтказиб юборадиган бўлди. Франк де Бур жамоаси усиз қийналиши аниқ.
Ярим ҳимоячи: Эдуардо Камавинга. “Ренн”нинг ёш юлдузи ўтган йили терма жамоада дебютини амалга оширган ва терма жамоаси сафидаги сўнгги 100 йилда гол киритган энг ёш футболчи сифатида тарихга кирганди. Бироқ Дешам ўз таркибига уни лойиқ кўрмади. Балки, уни 2020 йил Жаҳон чемпионатида кўрармиз...
Ярим ҳимоячи: Сандро Тонали. Ҳали-ҳануз Италиянинг энг ёш умидли футболчиси сифатида қаралаётган Тонали “Милан”даги дебют мавсумини у қадар омадли тарзда ўтказгани йўқ ва захирага “михланиб” қолди. Шу сабаб у терма жамоага ҳам чақирилмади.
Чап қанот ҳужумчиси: Марко Асенсио. Бу қаҳрамон ҳам йирик турнирни жароҳати сабаб ўтказиб юборади. 25 ёшли футболчи терма жамоасининг асосий фигураларидан бири эди, бироқ у мусобақани майдон ташқарисидан кузатишга мажбур.
Ўнг қанот ҳужумчиси: Юлиан Дракслер. Ниҳоят эски шогирдлари бўлмиш Мюллер ҳамда Ҳуммелсни таркибга қайтарган Лёв бу сафар Дракслерни “унутиб қолдирди”. Немис мутахассисининг ноодатий қарорларидан бири.
Марказий ҳужумчи: Мойзе Кин. Италия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Манчини жамоа ҳужум чизиғидаги рақобатни ўта кучли деб ҳисоблаган ҳолда Кинни бу рақобатга дош беролмайди, деб топди. Шундай бўлса-да, ҳужумчи сўниб қолмайди. Унинг келажаги ҳали олдинда.
Абдулла Маннонов
LiveБарчаси