Рақобатни ривожлантириш қўмитасига раис тайинланди
Жамият
−
21 Июнь
4288Ҳалилилло Собиржонович Тўрахўжаев Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси лавозимига сайланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 53-ялпи мажлисида қарор қабул қилинди.
Ҳалилилло Собиржонович Тўрахўжаев 1972 йил 21 январда Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси.
У 1997 йил Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1991 йилда Тошкент шаҳар Яшнобод тумани судининг курьери лавозимида ишлашдан бошлаган. 1992-2008 йилларда суд тизимида турли лавозимларда меҳнат қилган.
Шунингдек, у фаолияти давомида қуйидаги лавозимларда ишлаган:
- 2008-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси хизматининг адлия ва суд идоралари фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори;
- 2014-2017 йилларда Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси;
- 2017 йил 12 апрелидан 12 декабрига қадар – Президентнинг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати давлат маслаҳатчиси ўринбосари;
- 2017 йилдан 2020 йилгача – Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори ;
- 2020 йил июндан 2021 йил январигача – Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг раиси;
- 2021 йил февралида – Олий суд раисининг ўринбосари, Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси;
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошов лавозимга қайта тайинлангани ҳақда маълум қилинганди.
LiveБарчаси