Раисий Душанбега келди
Олам
−
08 Ноябрь 2023
5670Бугун, 8 ноябрь куни Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий расмий ташриф билан Тожикистонга келди. Бу ҳақда “Ховар” ахборот агентлиги хабар берди.
Душанбе халқаро аэропортида Эрон Президентини Тожикистон парламенти раиси Маҳмадтоир Зокирзода ва бошқа расмий шахслар кутиб олган.
Иброҳим Раисий ташрифи доирасида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан олий даражадаги учрашувлар ва музокаралар ўтказади ҳамда Тожикистон ва Эрон тадбиркорлари форумида иштирок этади. Музокараларда савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик, шунингдек, халқаро вазият, хусусан, Ғазо секторидаги масалалар муҳокама қилинади.
Қайд этиш жоизки, бу Иброҳим Раисийнинг президент этиб сайланганидан кейин Тожикистонга иккинчи ташрифидир. Ўтган йили Имомали Раҳмон бир неча йил ичида илк бор Эронга расмий ташриф билан борган.
Эрон ва Афғонистон бўйича эксперт Қосим Бекмуҳаммаднинг айтишича, Эрон Тожикистон учун ҳам, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун ҳам эркин сувларга чиқишнинг энг муҳим йўлларидан биридир
“Чобаҳор порти минтақамиз учун энг қулай йўналишдир. Ушбу океан портида қурилиш ва сармоявий ишлар жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Хорижий давлатлар Чобаҳарга катта қизиқиш билдирмоқда, Тожикистон эса тезроқ унинг қирғоғидан омборхона қуриш ва бошқа имкониятларни кўзлаган ҳолда бир парча ер топиш чораларини кўриши керак”, дейди эксперт.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Раисий ва Раҳмон бир неча соҳаларда ҳамкорликка оид ҳужжатларни имзолаганидан сўнг, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги саммитида иштирок этиш учун бирга Ўзбекистонга келиши айтилганди.
LiveБарчаси