Раҳмон ва Раисий ҳам Душанбедан Тошкентга келади
Олам
−
07 Ноябрь 2023
10148Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Эрон Президенти Иброҳим Раисий Душанбедаги икки томонлама учрашувдан сўнг Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитида иштирок этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Тожикистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Раисийнинг Тожикистон пойтахтига ташрифи режалаштирилганидан бир кун кечроқ – 8 ноябрь куни бошланади.
“Эрон Президентининг Душанбега ташрифи 8-9 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Улар [Тожикистон ва Эрон Президентлари] 9 ноябрь куни эрталаб бу ердан Тошкентга учиб кетади”, дейди Тожикистон Президенти матбуот хизмати раҳбари Абдуфаттоҳ Шарифзода.
Маълумот учун, 8-9 ноябрь кунлари Тошкентда ИҲТнинг ўн олтинчи саммити бўлиб ўтади. Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабарига кўра, тадбир иштирокчилари савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, 1985 йилда ташкил этилган ушбу давлатлараро ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқади. ИҲТга Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон киради. Унинг доимий котибияти бош қароргоҳи Теҳронда жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитини юқори савияда ўтказиш мақсадида 8 ноябридан 10 ноябригача Тошкентнинг айрим кўчаларида ҳаракатланиш чекланиши маълум қилинганди.