Тошкентда айрим кўчалар 3 кунга ёпилади

Жамият

image

Жорий йилнинг 8 ноябридан 10 ноябригача Тошкентнинг айрим кўчаларида ҳаракатланиш чекланади. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, йўлларнинг ёпилиши 8−9 ноябрь кунлари Ўзбекистонда ўтказилаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитини юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ.

Қуйидаги кўчаларда ҳаракатланиш чекланади:

•  Ислом Каримов номидаги аэропорт майдонидан Бобур кўчаси бўйлаб Бобур — Шота Руставели чорраҳасигача;
•  Нукус — Бобур чорраҳасидан Нукус кўчаси бўйлаб Мовароуннаҳр кўчасигача;
•  Ойбек — Туркистон чорраҳасидан Ойбек, Афросиёб ва Олмазор кўчалари;
•  Ислом Каримов — Бунёдкор чорраҳасидан Ислом Каримов кўчаси бўйлаб Амир Темур — Ислом Каримов чорраҳасигача;
•  Шароф Рашидов — Афросиёб чорраҳасидан Шароф Рашидов кўчаси бўйлаб Кичик ҳалқа айланма йўлигача;
•  Навоий — Мустақиллик чорраҳасидан Навоий — Лабзак чорраҳасигача;
•  Фурқат — Бешёғоч чорраҳасидан Бешёғоч кўчаси бўйлаб Ислом Каримов — Бешёғоч чорраҳасигача;
•  Олмазор — Ислом Каримов чорраҳасидан Олмазор кўчаси бўйлаб Навоий кўчасигача.

Қайд этилишича, ҳаракатланиш чекланган кўчаларда тез-тиббий ёрдам, фавқулодда вазиятлар бўлинмалари транспорт воситаларига истисно тариқасида ҳаракатланиш учун рухсат берилади.

Шу билан бирга, ҳайдовчиларга йўлларда тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида айланма йўллардан фойдаланиш тавсия қилинган.

Бундан ташқари, ИҲТ саммити бўлиб ўтадиган 8 ва 9 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрига юк ташувчи транспорт воситаларининг кириши қисман чекланади.

“Шу кунларда Тошкент шаҳридаги юк ташувчи транспорт воситаларининг шаҳар марказида ҳаракатланиши тўлиқ тўхтатилади. Саммит доирасида белгиланадиган вақтинчалик чекловлар сабабли водийдан воҳага ҳамда воҳадан водийга ҳаракатланиш 4П-12 автомагистраль йўли орқали амалга оширилишини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, 8-9 ноябрь кунлари Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг 16-саммитида иштирок этиш учун Озарбайжон Республикасии Президенти Илҳом Алиев, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Покистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар Какар, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Туркманистон Республикаси Президенти Сердар Бердимуҳамедов Тошкентга келиши кутилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, 2 ноябрь куни Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Самарқандга ташрифи давомида ҳам шаҳардаги бир неча кўчалар ёпилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент йўл ИҲТ саммити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг