Раисий Ар-Риёдга таклиф қилинди. Душманликка барҳам берилдими?

Олам

image

Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги дипломатик алоқаларни тиклашга келишиб олинганидан бир ҳафта ўтиб, Саудия қироли Салмон бин Абдулазиз ал Сауд Эрон Президенти Иброҳим Раисийни расмий ташриф билан Ар-Риёдга келишга таклиф қилди. Бу ҳақда Эроннинг юқори мартабали расмийси Муҳаммад Жамшидий ўз Twitter саҳифасида маълум қилди.

Қайд этилишича, қирол Салмон мазкур таклифни Раисийга юборган мактубида билдирган. Бироқ Саудия  томони бу маълумотни ҳали тасдиқламаган. Муҳаммад Жамшидий эса Раисий буни мамнуният билан қабул қилганини ва Эрон ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирган.

Бундан ташқари,  Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир-Абдуллахон икки давлат Ташқи ишлар вазирлари даражасида учрашув ўтказишга келишиб олингани ва музокаралар олиб бориш учун учта эҳтимолий жой таклиф қилинганини айтган. Бироқ у учрашув вақти ва таклиф қилинган жойларни очиқламаган.  

Эрон ва Саудия нега душман эди?

Саудия Арабистони ва Эрон орасидаги алоқалар 2016 йилда бузилган эди. Ўшанда Ар-Риёдда шиа мусулмон уламоси қатл этилиши ортидан икки давлат ўртасидаги можаро келиб чиққан. Келишмовчиликлар пайтида Теҳрондаги Саудия элчихонасига бостириб кирилиши ортидан Ар-Риёднинг Эрон билан алоқалари узилган.

Шунингдек, Саудия Арабистони 2019 йилда Эронни нефть иншоотларига ракета ва дрон зарбаларини амалга ошириш ҳамда Форс кўрфази сувларидаги танкерларга ҳужум қилишда айблаган. Эрон айбловларни рад этган.

Бундан ташқари, Ямандаги Эронга алоқадор бўлган ҳутийлар ҳаракати ҳам Саудия Арабистонига трансчегаравий ракета ва дрон ҳужумларини амалга оширган. Бундай зарбалар 2022 йилда Бирлашган Араб Амирликларига қарата ҳам берилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хитой воситачилигида Эрон ва Саудия Арабистони ўзаро алоқаларни тиклаган ҳамда икки ой ичида элчихоналарини қайта очишга келишиб олинган эди. Кейинчалик Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамханий Бирлашган Араб Амирликларида ҳам юқори даражадаги музокаралар ўтказиб, Теҳрон Форс Кўрфази давлатлари билан алоқаларни кенгайтиришга интилаётганини исботлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Раисий Ар-Риёд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made